20:58 / 15.07.2017
10758

O‘zLiDeP: Иш услубларимизни мутлақо ўзгартирамиз

2017 йил 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий партиялар ва парламент вакиллари билан учрашув ўтказиб, унда маъруза қилган эди. Шу муносабат билан республикадаги сиёсий партиялар вакиллари давлат раҳбари маърузасига ўз муносабатларини билдиришмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Элбек Шукуров ҳам бу борадаги фикрларини Кун.uz билан ўртоқлашди. 

Элбек Шукуров

Куни кеча мамлакатимиз раҳбарининг сиёсий партиялар ва парламент вакиллари билан учрашувида фаолиятимизга доир чуқур таҳлилларга асосланган танқидий фикрлар билдирилди.

Президентимиз билдирган фикрлардан бир нарсага амин бўлдикки, ҳозирги замон шиддати, олдимизда турган вазифалар кўлами эскича, бир қолипда ишлаб бўлмаслигини яққол кўрсатмоқда.

Олдимизда турган вазифалар барча сиёсий партиялардан, айниқса, етакчи сиёсий куч бўлган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан ниҳоятда фаолликни, жонкуярликни, ишга янгича ёндашувни талаб қилади.
Маърузада таъкидланганидек, тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда партиямизнинг ўрни етарли даражада кўринмаяпти.

Ваҳоланки, халқимиз, айниқса, электоратимиз вакиллари биздан ҳаётимизни янада фаровон қилиш борасида янги ғоялар ва ташаббусларни кутмоқда.

Биз, учрашувдан кейин фаолларимиз билан йиғилиб, Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиқадиган вазифаларни аниқ белгилаб олдик.
Бунинг учун, энг аввало, аҳоли орасида олиб бораётган иш услубларимизни мутлақо ўзгартиришимиз лозим бўлади.

Самарасиз тадбирлар ўтказишдан воз кечиб, бутун имкониятларимизни тадбиркор ва фермерларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга, сайловчилар ишончини оқлашга йўналтирамиз.

Иккинчидан, Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган вазифаларни амалга оширишда зиммамизда турган масъулият бошқаларга қараганда бир неча марта юқори эканини инобатга олиб, дастурий ҳужжатларимизни тубдан қайта кўриб чиқамиз.

Учинчидан, партия тизимига салоҳиятли кадрларни жалб қилиш борасидаги танқидий фикрлардан хулоса чиқариб, партия тизимига ёш ва салоҳиятли кадрларни жалб қилиш бўйича аниқ режалар асосида иш олиб борамиз.

Халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган аниқ ишлар фаолиятимизнинг бош мезонига айланади.

Элбек Шукуров,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши 
Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Top