19:45 / 16.07.2017
39987

Ироқ разведкаси ал-Бағдодийнинг тақдири бўйича навбатдаги хабарни тарқатди

Ироқ ИИВнинг разведка ва аксилтеррор амалиётлари хизмати директори Абу Али ал-Басрий ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги охирги хабарларни тасдиқламади. Бу ҳақда Al-Arabiya телеканали хабар тарқатган.

Унинг сўзларига кўра, ИШИД етакчиси айни вақтда Сурия ҳудудида, Раққа яқинида яширинган бўлиши мумкин.

Ал-Басрий қайд этдики, Ироқ разведкаси  «Ал-Бағдодий билан бошқалардан кўпроқ шуғулланмоқда».

Бундан аввалроқ АҚШ бошчилигидаги коалиция ва Пентагон ҳам ал-Бағдодий ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқлай олмаслигини маълум қилганди.

ОАВда эса ИШИД жангарилари ҳалок бўлган раҳбари ўрнига ўринбосар танлагани ҳақида хабарлар тарқалган.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда бир неча марта нашрлар ал-Бағдодийнинг қаттиқ яралангани ёки вафот этгани ҳақида хабарлар берган, аммо бу хабарларнинг ҳеч қайсиси тасдиғини топмаган.

Охирги марта 11 июль куни ОАВда ИШИД жангарилари ташкилот раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимини тасдиқлашгани ҳақида хабар тарқалганди. Кўп ўтмасдан Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ИШИД раҳбари ҳалок бўлганини тасдиқловчи маълумотга эгалигини маълум қилди.

Ўтган ой охирида Эрон телевидениеси ал-Бағдодий ҳалок бўлганини тасдиқловчи суратларни тарқатганди.

Top