18:52 / 17.07.2017
5815

Сеул маъмурияти Пак Кин Хе жиноятларининг янги далилларини топгани ҳақида баёнот берди

Фото: ТВ Центр

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин маъмурияти аввалги давлат раҳбари Пак Кин Хе ва унинг ёрдамчиларининг ҳаракатлари қонунга зид бўлганини исботловчи янги далилларни топгани ҳақида баёнот берди. 

Ёнхап агентлигининг ҳукумат доираларидаги манбасининг сўзларига кўра, ҳужжатлар Пак Кин Хенинг аҳоли билан алоқалар ва сиёсий масалалар бўйича котибларининг идораларидан топилган. Умумий ҳисобда 1,4 мингга яқин ҳужжат аниқланган. 

Уларнинг аксарияти Пак Кин Хе котибларининг 2015 йил мартидан 2016 йил ноябрига қадар ҳар ҳафтада ўтказилган мажлисларига бағишланган. Бироқ ҳужжатларнинг айримларида собиқ президент девони раҳбарининг Samsung компанияси ва ҳукумат сиёсатидан норози бўлган маданият ва санъат арбобларига доир кўрсатмалари ҳам қайд этилган.
 
Бундан ташқари, ҳужжатларда девон раҳбарининг айрим қалтис масалалар, жумладан 2014 йили ҳалокатга учраган "Севоль" пароми билан боғлиқ воқеаларни ҳал этишга ОАВни жалб этиш борасида берган кўрсатмалари ҳам борлиги айтилади. 

Ҳужжатларнинг барчаси махсус комиссия ва прокуратурага тақдим этилади. Улар собиқ президент Пак Кин Хе, Samsung корпорациясининг амалдаги раҳбари Ли Чжэ Ён ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар ишида фойдаланилиши мумкин. 

Жанубий Кореяда коррупция можароси 2016 йил октябрида маҳаллий матбуотда йирик корпорациялар, хусусан Samsung компанияси ўша вақтдаги президентнинг дугонаси Цой Сун Силь ташкил этган жамғармаларга пул ўтказиши воситасида ҳукумат қўллаб-қувватлашига эришгани ҳақидаги хабарлардан сўнг авж олди. 

Ушбу жиноий иш бўйича умумий ҳисобда 30 киши айбланмоқда. Пак Кин Хе 10 март куни Конституциявий суд томонидан давлат бошқарувидан четлатилган эди. Янги президент сайлови 9 май куни бўлиб ўтди. Унда Мун Чжэ Ин ғалаба қозонди.

Top