17:51 / 18.07.2017
10062

Дорихоналар йил охиригача лицензияни қайта расмийлаштиришлари лозим 

Аввал хабар қилинганидек, Президент “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. 
 
Биринчидан, жорий йилнинг 1 августидан Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш истисно тариқасида “Ўзмедэкспорт” корхонаси томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан амалга оширилади.  Уларнинг нархини Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси тасдиқлайди.
 
Рўйхатнинг ўзи мақбуллаштирилиши даркор, унга қатъий шифокор рецепти асосида сотиладиган препаратлар киритилади. Курс фарқлари ўзгаришининг таъсирини камайтириш учун унга киритилган савдо номланишларига чакана ва улгуржи нархларни белгилаш тартиби қайта кўриб чиқилади.
 
Иккинчидан, жорий йилнинг 1 июлигача тузилган импорт контрактлари бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш ва сотиш уларни тузиш санасида амалда бўлган шартлар ва белгиланган нархларда амалга оширилади.
 
Учинчидан, тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаштириш фақатгина “Ўзстандарт” агентлигида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади.
 
Келаси йилнинг 1 январига қадар эса дорихоналар фарммаҳсулотларни чакана сотиш учун лицензияни қайта расмийлаштиришлари шарт.  
 
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари бошқарув ходимларининг чекланган сони 30 тага оширилди.
 
Шунингдек, яқин вақтларда фармацевтика ва тиббиёт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни аниқлашнинг методологияси регламентланади. У касалланиш, беморлар сони, даволаниш курслари ва бошқа мезонларни инобатга олиши даркор.

Top