12:34 / 20.07.2017
71277

Миграция агентлиги раҳбари билан суҳбат: хорижда ишлаш, тест синовлари ва ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар

Ўзбекистонда айни пайтда глобал-сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар даври бошланди. Шунинг баробарида давлат ва жамият ҳаётининг жуда кўп тармоқларига янгича нуқтаи назар билан қарашга ўтилди. Айтиш керакки, мигрантларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси салмоқлидир. Аммо жараён иқтисодий ўсиш билан чегараланиб қолмайди. Мигрант замонавий технологиялар билан ишлаб, ўз тажрибасини оширади, дунёқарашини кенгайтиради. Ҳозирги кунда ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг фаол иштирокида ушбу соҳадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда.

Бугун мазкур агентлик ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлмоқда? Аҳоли ўртасида агентликка бўлган муносабат нималар эвазига яхшиланмоқда? Кун.uz ижодий жамоаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг бошлиғи вазифасини бажарувчиси Хўжабаҳлил Асомов билан очиқ мулоқотда бўлди. 

Хўжабаҳлил Асомов четга ишлаш учун кетмоқчи бўлган аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, шундай деди: “Айни кунларда дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шундай жараёнлар кетяптики, яқин келажакда аниқ-аниқ давлатларга ишлаш учун одам юбориш билан хусусий компаниялар шуғулланишни бошлайди. Бу янгилик қонун йўли билан тасдиқланади ва мустаҳкамланади. Бундан ташқари, агентликнинг шу кунгача Ўзбекистоннинг бешта вилоятида филиали мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб улар бутун республика бўйлаб очилди. Улар бизнинг жойлардаги вакилларимиз бўлиб, фуқаролар ўзларини қизиқтирган барча саволлар билан филиалларимизга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, қайси бир давлат бизга вакант жўнатса, ушбу вакант ҳақида маълумот барча филиалларда бўлади”.

Жанубий Кореяга ишлаш учун кетиш вақтида олинган имтиҳонда юзага чиққан машмаша ҳақида изоҳ бера туриб, суҳбатдошимиз қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Бу масала нафақат Ўзбекистонда, балки айрим чет эл давлатларида ҳам ўзига хос реакция келтириб чиқарди. Айтишим мумкинки, ўша жараёнга масъул барча раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилди. Тест синовларини ташкил этишда келгусида янгича ёндашув қўлланилади. Яъни, чет давлатга ишлагани кетмоқчи бўлган фуқаро йил ўн икки ой, ҳафтанинг беш кунида тест топширишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, ушбу тестларга агентлик сайти орқали тайёргарлик кўриш имконияти тақдим этилади. Бу билан улар ўз билимларини ошириб боришади. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, бу тизим тўлиқ ишга тушгач, аҳоли ўртасида қайта тест синовлари бўлиб ўтади. Аслида, айни кунларда сайтимизнинг ишламай турганига асосий сабаблардан бири ҳам ана шу. Мақсадимиз мукаммал ва тез ишловчи сайтимизни ишга туширишдир”.

Хўжабаҳлил Асомовнинг маълум қилишича, Кореяда ўзбек ишчиларининг имижи тушиб бормоқда. Бунга қатор сабаблар бор. Масалан, булардан энг каттаси уларнинг тил билмаслигида экан. Яна бир сабаб ўзбек мигрантлари ўз иш жойларини тез-тез ўзгартириб туришаркан. Ҳужжатсиз равишда автомобиль бошқариш ва турли қоидабузишлар ҳам буларга мисол бўла олади.

“Шуни қўшимча қилиб ўтишни истардимки, Корея томони кейинги синовларда мигрантларнинг нафақат тил билишига, балки уларнинг касбий малакасини текшириш учун ҳам тест ўтказишади”, деди Хўжабаҳлил Асомов.

Суҳбатдошимиз янги давлатларга ишчи кучи юбориш ҳақида тўхталар экан шундай деди: “Ҳозирги кунда Япония, Польша, Россия, Қозоғистондан ташқари Туркия, Уммон ва БАА каби давлатлар билан янги ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кейинчалик “қайси давлатлар”, деган тушунча бизнинг агентлик фаолиятида бўлмайди. Чунки биз Ўзбекистон фуқароси қайси давлатда ишламасин, унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борамиз”.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг бошлиғи вазифасини бажарувчиси Хўжабаҳлил Асомов Россияга ишлашга кетиш мавзусига алоҳида тўхталиб ўтди. “Россия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Россияга қилган ташрифлари давомида Россия ҳудудида Ўзбекистон фуқароларини вақтинча ишга жойлаштириш бўйича катта битим имзоланди. Бу фуқароларимизга нима беради? Биринчидан, Россияга ишлагани кетаётган фуқаро айнан қаерга ишлагани кетаётгани, қанча маош олиши, қаерда яшаши ва шу каби ҳолатларни олдиндан билади. Иккинчидан, Россия ҳудудида ишлаш учун олинадиган “патент”да тест синовлари бор эди. Эндиликда ана шу тест Ўзбекистон ҳудудида топшириладиган бўлди. Илгари “патент”даги учта шарт – тиббий кўрик, рус тили ва қонунчилиги бўйича тест ва ижтимоий суғурта Россиянинг ўзида олинар эди”.  

Суҳбат давомида чет элда ишлаш тартиб-қоидалари, лицензия олиш ҳолатлари ва яна кўплаб саволларга жавоб олинди. Интервьюнинг тўлиқ ҳажмини томоша қилишингиз мумкин.

 

Top