23:33 / 20.07.2017
20403

«Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар - 2017» ғолиблари маълум қилинди

Бугун, 20 июль куни «Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар - 2017» кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланган Алишер Саъдуллаев “Фейсбук”даги ўз саҳифасида маълум қилган. 

Жорий йилда танловга жами 4830 та ариза келиб тушган. Улар қуйидаги номинациялар бўйича тақсимланган:

Энг яхши таълим муассасаси веб-сайтига – 2617 та;

Энг яхши ўқитувчи веб-сайтига – 2108 та; 

Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот веб-сайтига - 105 та. 

Кўрик-танловда қатнашган иштирокчиларнинг веб-сайтлари халқ таълими тизими мутахассислари, веб-технологиялар бўйича эксперт-мутахассислар ва ўқитувчилардан таркиб топган 3 та гуруҳдан иборат Ҳакамлар ҳайъати ва экспертлар томонидан баҳоланган.

«Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти» номинацияси:

1-ўрин - Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 327-умумий ўрта таълим мактаби.
2-ўрин -  Хоразм вилояти, Урганч тумани, 38-умумий ўрта таълим мактаби. 
3-ўрин - Навоий вилояти, Кармана тумани, 3–умумий ўрта таълим мактаби.

«Энг яхши ўқитувчи веб-сайти» номинацияси:

1-ўрин -  Нургазиев Шуҳрат Хасанович. Жиззах вилояти, Дўстлик тумандаги 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси. 
2-ўрин -  Мирзақулов Қобилжон Сирдилович. Фарғона вилояти, Ёзёвон туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси. 
3-ўрин - Қаршибоева Наргиза Абдулахатовна. Жиззах вилояти, Жиззах туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.

«Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти» номинацияси:

1-ўрин -  - Навоий вилояти, Навбаҳор тумани халқ таълими муассасаларини фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими. 
2-ўрин - Фарғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти
3-ўрин -  Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси.

Алишер Саъдуллаев танлов ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, жумладан, шундай деди: “Танлов иштирокчилари кўзидаги учқун, улардаги шижоат мени руҳлантириб юборди. Ўқувчиларига дарсини қизиқарли ўтиш учун ўз сайтини яратган ўқитувчи тажрибаси билан қизиқдим. Педагогларимиз замонавий АКТ имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга чанқоқ. Биз уларга зарур шароит яратиб, руҳлантиришимиз керак. Шундай жонкуяр, ўз касбини фидойиси бўлган, янгиликка интилувчан ўқитувчиларимиз сони қанча кўп бўлса, таълим сифати ҳам шунча юқори бўлади. Мен уларнинг барчасига муваффақият ва омад тилаб қоламан”.

Top