22:10 / 20.07.2017
9110

Инҳа университетига кириш имтиҳонлари жараёнини онлайн кузатиш имконияти тақдим этилмоқда

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) 2017 йилнинг 20–21 июль кунлари бўлиб ўтадиган кириш имтиҳонларни жонли кузатишни истаганлар учун имконият яратиб, жараёнларни реал вақт (онлайн) режимида намойиш этишни бошлади, деб хабар бермоқда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати.

Хабарга кўра, университет бу йил ҳам кириш имтиҳонларининг видео-стримингини ташкил этди. Барча хоҳловчилар кириш имтиҳонлари жараёнларини live.inha.uz ҳаволаси (Tas-IX) орқали, шунингдек, университетнинг Facebook’даги расмий саҳифаси орқали онлайн кузатишлари мумкин.

Кириш имтиҳонлари ўтказилиши мўлжалланган «Ўзкўргазмасавдо» биносида веб-камералар ўрнатилган, улар воситасида кириш имтиҳонларининг барча жараёнлари онлайн тарзда олиб кўрсатилади.

Қайд этиш жоизки, ўтган йили бўлгани каби бу йил ҳам кириш имтиҳонлари жараёнларининг шаффофлиги ва очиқлигига ишонч ҳосил қилишлари учун IUT мазкур жараёнларга оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳам таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йили IUT Ўзбекистонда илк маротаба кенг жамоатчилик учун университетнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ҳамда махсус саҳифа орқали кириш имтиҳонларининг видео-стримингини ташкил этган эди.

Top