15:05 / 20.07.2017
6732

Кувайт эронлик дипломатларни чиқариб юбормоқда

Кувайт ҳукумати эронлик 15 дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш, ҳарбий атташе ва маданият ишлари бўйича атташе аппаратини ёпишга фармойиш берди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканалида маълум қилинган.

«Биз Кувайт манфаатлари ҳимояси учун мамлакатдаги Эрон дипломатларига қарши дипломатик чоралар кўрдик» , — деган Кувайт ахборот вазири.

Маълум қилинишича, пайшанба куни Эрон элчихонасига ҳарбий ва маданият атташеси аппарати ёпилгани билдирилган нота йўлланган. Кувайт ҳукумати эронлик 15 дипломатга мамлакатдан чиқиб кетиш учун 45 кун муҳлат берган, эндиликда мамлакатда эронлик 4 дипломат қолади.

Шунингдек, Кувайт ҳукумати Эрон билан ҳукуматлараро қўмиталар фаолиятини тўхтатишга фармойиш берган.

Бундай чоралар якшанба куни бўлиб ўтган суддан кейин қабул қилинди. Кувайт кассация суди 2016 йил Эрон фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топилган шахсга чиқарилган ўлим жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирганди.

Номи маълум қилинмаган судланувчи 2016 йилда иштирокчилари Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» шиалар ҳаракати фойдасига жосуслик қилганликда ҳамда мамлакат хавфсизлигига хавф солувчи ҳаракатларни тайёрлашда айбдор деб топилган «Ал-Абдали» бўлимига кирган.

Top