16:14 / 21.07.2017
57563

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги от заводига борди

Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўзбегим отлари» от заводи фаолияти билан танишди. 

«Мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш, унинг моддий-техник ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, мазкур соҳа учун мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш орқали наслдор, спорт ва хизмат отларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда», дейилади ЎзА хабарида

Фото: Facebook/Shavkat Mirziyoyev

«Ўзбегим отлари» от заводи 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, майдони 140 гектардан ортиқ. Завод қадимий от зотлари, жумладан, Ахалтака тулпорларини кўпайтириш ва парваришлашга ихтисослаштирилган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Ахалтака зотли отлар бундан беш минг йил муқаддам пайдо бўлган. У Осиё халқларининг ёзма манбаларида само тулпорлари, арғумоқ, учқур айғирлар, дея таърифланган. Тошбитиклар, қояларда сақланиб қолган суратларнинг гувоҳлик беришича, Ахалтака арғумоқлари қадимда ҳозирги Фарғона водийси, Хоразм вилояти ҳудудларида учраган. Айни пайтда мазкур турнинг катта қисми Туркманистон ҳиссасига тўғри келади. 

Фото: Facebook/Shavkat Mirziyoyev

Бугунги кунда «Ўзбегим отлари» заводида 300 га яқин от парваришланмоқда. Улар орасида Ахалтака зотидан ташқари, инглиз ва араб зотли отлар ҳам бор. 

«Ўзбегим отлари» заводида Шавкат Мирзиёевга Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан совға қилинган «Дўстхон» лақабли зотдор от йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. 

Фото: Facebook/Shavkat Mirziyoyev

От заводи ҳудудида зотдор отларни кўпайтириш, соҳада наслчилик ишларини яхшилашга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Top