10:35 / 21.07.2017
8926

ЎзЛиДеП вакили: Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизи норасмий секторда банд

19 июлда Халқаро Пресс-клубда парламент Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар ва экспертлар, ОАВ вакиллари иштирокида сессия бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинган эди. 

Унда партияларнинг халқ, сайловчилар орасида обрўсини тиклаш, партия сафини кенгайтириш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди. 

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодировнинг айтишича, ЎзЛиДеПнинг салоҳияти бошқа партияларга қараганда устунроқ. 

Абдурашид Абдуқодиров

“Шундан келиб чиқиб, жойларга чиқиб ўрганганимизда шу нарса маълум бўлдики, иқтисодиётнинг норасмий секторида банд аҳоли қарийб 30 фоизни ташкил қилади. Бу дегани, улар шунга мажбур. Қанақадир тартиблар, рухсат берувчи қоидаларнинг оғирлигидан келиб чиқиб, улар норасман, яъни ноқонуний фаолият кўрсатишга мажбур бўлиб қолган. 

Мисол учун аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатаётган таксичилар билан суҳбатлашилганда, улардан ташвиши, қонуний усулда шу фаолият билан шуғулланмасликлари, лицензия олиб, масъулияти чекланган жамиятларга аъзо бўлишлари учун нима қилиш кераклиги ўрганилганда, ушбу тадбиркорликни тартибга солувчи қоидалардаги кўпгина бандлардан норозиликларини билдиришди. Уларнинг айтишларича: 

Биринчидан, улар ўз шахсий машинасини бошқа бир рангга қайта бўяшга мажбурлигини айтишган. 

Иккинчидан, фаолиятини бошламасдан машинасининг давлат рақамини алмаштириш, салкам 2 млн сўмга яқин харажат қилиши керак. 

Аммо, ўйлаб кўрилганда, мана икки шартнинг йўловчи ташиш сифатига умуман боғлиқлик жиҳати йўқ. Масалан, тегишли чекка туманларда автомобилларни сариқ рангга бўяш ўрнига тегишли такси белгисини ўрнатган ҳолда фаолият юритишга рухсат бериш мақсадида фракция сифатида тегишли қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритишга эришсак, ҳар бир туманда мингдан ортиқ таксичилар сўзсиз партиямиз нуфузига ишонган бўлар эди”, - деди Абдуқодиров. 

Top