20:10 / 22.07.2017
9318

Дизелгейт-2 авжига чиқмоқда: Германия автокомпаниялари махфий картель ташкил этгани гумон қилинмоқда

Германиянинг дунёга машҳур Volkswagen, Audi, Porsche, BMW ва Daimler автокомпаниялари ўтган асрнинг 90-йилларидан ҳозирга қадар яширин ишчи гуруҳлар тузиб, технологиялар, етказиб берувчилар билан алмашиб келади. Бундан ташқари, улар ёқилғи сарфини камайтириб кўрсатиш усулларини ҳам бир-бири билан баҳам кўради, деб гумон қилинмоқда. Айни вақтда монополияга қарши идоралар тергов-суриштирув ишларини бошлаб юборишди. 

Бу ҳақда Колеса.ру немис нашрларига асосланиб хабар бермоқда. Шу нарса маълумки, Volkswagen, Audi, Porsche, BMW ва Daimler компанияларининг 200 дан ортиқ ходими сўнгги 30 йил мобайнида 60 дан ортиқ махфий учрашувларда қатнашган. Ишчи гуруҳлари, хусусан, дизель двигателларидан чиқувчи зарарли газларнинг ҳақиқий  миқдорини камайтириб кўрсатиш усулларини муҳокама қилишган. 

Терговчиларга кўра, немис компаниялари вакиллари зарарли моддалар миқдорини камайтириб кўрсатувчи дастурлардан ташқари, дизель двигателларидан чиқувчи ис газларини кимёвий тозалаш учун махсус суюқлик солинувчи AdBlue идишларининг ўлчамлари ҳам муҳокама мавзуси бўлган. 

Махфий учрашувларда йирик идишлар қиммат туришини ҳисобга олиб, кичик ўлчамли идишлар жойлаштиришга келишиб олишган. Унга солинадиган AdBlue суюқликлари кўпроқ муддатга етмаган, аммо зарарли газлар миқдорини аниқлашга доир тесстлардан ўтишга кифоя қилган. 

Таъкидланишича, монополияга қарши кураш идоралари талаб қилган ҳужжатлар орадан икки ҳафта ўтганидан сўнг Volkswagen ва Daimler томонидан тақдим этилган. Шу хабарлардан кейин Daimler, BMW ва Volkswagen акциялари нархи тушиб кетгани айтилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Daimler компанияси зарарли газлар миқдорини камайтириб кўрсатувчи дизель моторли миллионга яқин автомобилни сотганликда гумон қилинган эди. Кейинроқ, немис концерни бу каби қонунбузарликлар йўқлигини айтган бўлса-да, Европада 3 млн автомобилини қайтариб олиш кампаниясини бошлади. 

Top