19:53 / 22.07.2017
27162

Фарғоналик уй бекаси 1000 тупга яқин ҳандон писта кўчатини харидорларга етказиб берди

Осиёда "Ҳаёт дарахти", Хитойда "Омадли ёнғоқ", Афғонистон, Эронда мўл-кўлчилик, саломатлик рамзи, деб қараладиган хандон писта ҳақиқатан 1000 йилгача яшаши, фойдали жиҳатлари кўплиги билан бошқа дарахтлардан ажралиб туради.

Фарғона водийси Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан.  Ҳудуд ерлари хандон писта етиштириш учун қулайдир. Юртимизда кам етиштириладиган ушбу писта дарахти Фарғона вилоятининг Бағдод туманида экилганига 45 йил бўлибди. Дилфуза опа Қодирова ҳудди шу писта дарахтини кўп йиллардан буён парвариш қилар экан.

Асли уй бекаси бўлган Дилфуза опа кичик томорқасидан унумли фойдаланишни одат қилган.  Томорқасида олма, шафтоли, ёнғоқ, софия сингари дарахтлар парвариш қилинаётганини кўриш мумкин. Йиллар сайин кўпайтириб борилаётган кўчатлар ўз мевасини ҳам бермоқда.  Нон ушоғи ҳам нон деганларидек, ернинг бир қаричи ҳам ер. Ундан унум билан  фойдаланиш ҳадисини олган опа пистазорлар ораларини ҳам бўш қолдирмайди. Сабзавотли экинлар, нўхат, ловия ва бошқа ўсимликлар томорқага ўзгача бир файз киритиб турибди.

Шу йилнинг ўзида 1000 тупга яқин ҳандон писта кўчатини харидорларга етказиб берган Дилфуза Қодировада ўз имкониятларини янада кенгайтириш иштиёқи бор.

Ўзбекистон шароитида етиштирилаётган хандон писталар таркибида саломатлик учун 24 та фойдали элемент мавжудлигини мутахассислар эътироф этишган. Дунёнинг бошқа ерларида етиштирилаётган  ҳосилларга қараганда олтин водий заминидан олинаётган пистада фойдали тарафлари ҳам кўп. Оиласи, юрти ва халқи манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётган қаҳрамонимиз ер майдони олиб, иш ўринлари яратиш ҳамда йилига 7 минг тупдан ортиқ писта кўчатини харидорларга етказиб беришни режа қилган.

Писта дарахти қурғоқчиликка, совуққа чидамли саналади. 45 йиллик хандон писта дарахтидан ўтган йили 35 килограмм ҳосил олган Дилфуза Қодирова бу йил ундан ҳам кўпроқ ҳосил кутмоқда.

Ўзбек заминида пишган хандон пистанинг нафақат йириклиги, балки мазасида ҳам фарқ сезилади. Дилфуза опанинг мақсади фақат битта у ҳам бўлса, Бағдод тумани номини ўзи етиштираётган писталари билан машҳур қилиш.

Top