19:57 / 24.07.2017
17228

Бин Лодин, Жиноят, Қамоқ: Озарбойжонда болаларни қандай исмлардан қутқаришмоқда

Озарбойжон вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги терминология бўйича комиссия республика фуқаросига ўз ўғлига Бин Лодин, деб исм қўйишга рухсат бермади. Бу ҳақда Sputnik Озарбойжон хабар қилмоқда.

Комиссия раиси ўринбосарининг маълум қилишича, бунга ушбу исм ёмон тасаввурлар билан боғлиқ экани ва миллий исмлар рўйхатига кирмаслиги сабаб бўлган. 

"У шуни тушунмаяптики, эртага фарзанди мактабга боради ва атрофидагилар унинг устидан кулишади. Бу болага жиддий руҳий зарба бўлиб тушади", - деган комиссия вакили.

Унинг айтишича, бир ҳолатда эркак ўз ўғлига Шекспир, деб исм қўймоқчи бўлган. 2014 йилда эса ғарбий минтақалардан бирида яшовчи оилада эгизаклар дунёга келган – ўғил ва қиз бола. Уларнинг ота-онаси болаларга “Хиёр” ва “Хиёра” (таржимада “бодринг”) деб исм қўйишмоқчи бўлган.

Бундан ташқари, комиссия вакилининг сўзларига кўра, бир қанча вақт муқаддам комиссияга эркак киши қўнғироқ қилиб, қизига Қамоқ исмини қўйиш мумкинми, деб сўраган. 

"Собиқ иттифоқ даврида ҳам кулгули исмлар учраган. Болаларга Ансамбль, Комсомол, Трактор, Буйруқ, Буюртма, Маслаҳат деб исм беришган. Биз шундай исмлардан 1750 тасини топиб, уларни тизимдан чиқариб ташладик. Тизимдан олиб ташланган исмлар орасида: Маъшуқа, Жиноят, Жиндир ва бошқалар бўлган", - деган комиссия вакили.

Top