19:16 / 24.07.2017
43809

Тошкент ИИББ Дўмбиробод қабристонидаги қабртошлар қулашига доир хабарларга ойдинлик киритди

Foto: Facebook / Yelena Komissarova

2017 йил 22-23 июль кунлари Ўзбекистоннинг қатор интернет сайтларида Чилонзор туманида жойлашган Дўмбиробод қабристонидаги қабрлар устига ўрнатилган ёдгорлик тошлари номаълум шахслар томонидан бузилганлиги ҳақида мақола эълон қилинган эди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасидаги хулосасини эълон қилди. Унга кўра, мазкур қабристоннинг 137-сонли харитаси ўрганиб чиқилганда, қабрларнинг устига синган дарахт шохлари тушиб, қабр тошларига зарар етказганлиги маълум бўлди.

Ҳолат бўйича Чилонзор туманида жойлашган 2-сонли Дўмбиробод қабристони директори Х.А.Нишонов, ушбу қабристон ишчилари О.C.Нуриддинов ҳамда Р.Д.Шерматовларнинг тушунтиришларига кўра, жорий йилнинг баҳор ойларида юз берган кучли шамоллар натижасида дарахтлар синиб қабр тошлари устига тушиб, уларни синдирган. Қабристон ҳудуди катта бўлганлиги сабабли барча хариталарни тозалашга ҳамда таъмирлашга улгуриш имкони бўлмаган. Ҳозирги кунда дарахтларни буташ ва чиқиндиларни тозалаш ишлари олиб борилаётганлиги ва ушбу ободонлаштириш ишлари якунига етгандан сўнг синган ёдгорлик тошлари тикланиши режалаштирилганини маълум қилдилар.

Top