00:01 / 26.07.2017
15492

Илк сузувчи шамол электростанцияси яратилди (фото)

Шотландиянинг шимоли-шарқий қирғоқларида, Питерхед шаҳри яқинида 20 минг хонадонни электр энергия билан таъминлашга қодир Peterhead шамол электростанциясини ўрнатиш ишларининг якунловчи босқичлари бошланди. Ҳозирда Hywind қувурларидан 5 тасидан биттаси етказиб берилди, қолган 4 таси Норвегия фьордларида бўлиб, транспортировкалашга тайёрланмоқда. Турбиналар ишлаб чиқарувчи Statoil компаниясининг (Норвегия) таъкидлашича, сузувчи энергия генераторлари қуввати бўйича ўзининг стационар муқобилларига тенг ёки ҳаттоки улардан ошади. 

Сузувчи генераторларнинг конструкцияси улкан қалқаларни (поплавок) эслатади: сув сиртида 175 метрли минора қад кўтариб туради, генераторнинг умумий баландлиги эса 253 метрни ташкил қилади. Битта миноранинг оғирлиги 11,5 тонна бўлиб, турбинанинг энергия генераторлари қуввати 6 МВт га тенг. Шамол станцияси минорасини бир жойда ушлаб туриш учун денгиз тубида бир километр чуқургача маҳкамлаб қўйиладиган 3 та лангарли тросдан фойдаланилади. Statoil компанияси узунлиги 75 метр бўлган парракларнинг ҳужум бурчагини ўзгартира оладиган махсус дастурий таъминот ўрнатган. Бундай технология нафақат шамол кучини самарали қўллаш, балки довуллар, тўлқин ва оқим оқибатида юзага келадиган тебранишларни ҳам камайтиришга имкон беради.  

Яқин ҳафталарда барча 5 та трубина Питерхед шаҳридан 25 кмда жойлашган ўзининг доимий жойига етказилади. Ушбу жой ўзининг унча чуқурмаслиги (120 метргача), шамолнинг ўртача йиллик тезлиги юқорилиги ва барқарорлиги (10,1 метр/сонияга етади) сабабли танланган. Шамол станцияси ишлаб чиқарадиган умумий қувват 30 МВт ни ташкил қилади.  

Охирги вақтларда сузувчи электростанцияларнинг нархи жадал арзонлашмоқда, бу уларни стационар станцияларга қараганда оммавийлашувига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга сувдаги илк сузувчи шамол электростанциясини барпо этиш харажатлари шундай объектни қуруқликда қуришдагидан 2 марта кўпроқ бўлиб, 190 млн фунт стерлингни ташкил қилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш имкони Шотландия ҳукумати томондан молиялаштирилиш эвазига пайдо бўлди. Айни вақтда Шотландия ҳукумати яна битта сузувчи шамол электростанциясини қуриш лойиҳасини маъқуллади. Унинг таркибига Германиянинг Senvion компаниясининг 8 та турбинаси киради.  Станциянинг умумий қуввати 48 МВт ни ташкил қилади ва 2018 йилда ишлай бошлайди.

Жонзотларни ҳимоя қилувчи баъзи ташкилотлар сузувчи шамол электростанцияларига қарши чиқмоқдалар, Уларнинг фикрича, улкан турбиналар минглаб қушларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлиши мумкин. Бироқ ҳаттоки уларнинг ўзлари бу рақамлар расмий статистика билан тасдиқланмаганини тан олмоқдалар.

Top