10:00 / 26.07.2017
8045

Наманганнинг Тўрақўрғонида ёнғин юз берди, бир инсон ҳаётдан кўз юмди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ  Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати ўтган ҳафта мобайнида содир бўлган ёнғинлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳрида яшовчи Х.Мамадияровнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 60 кв.метр майдонда том қисми ҳамда қўшни уйининг 40 кв.метр майдонда том, шифт қисмлари ва уй жиҳозлари ёнган.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи Ю.Маҳкамова ошхонага кириб, гугурт ёққан вақтида хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш натижасида чиққан ёнғиндан уйнинг 30 кв.метр майдонда том, шифт қисмлари ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ю.Маҳкамова эса куйиш тан жароҳатини олиб воқеа жойида вафот этган. Ёнғин сабаби ўрганилганда, ошхонадаги газ плитага уланган пропан газ баллони шлангидан газ сизиб чиқиб, тўпланиб қолиши бўлган.

Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида ҳаракатланиб кетаётган, А.Қодиров бошқарувида бўлган «Зил-130» русумли юк автомобилида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлган. Ёнғинни ўчириш вақтида автомобиль эгаси ва унинг йўловчиси куйиш тан жароҳатини олиб, шифохонага жойлаштирилганлар.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи С.Ғайратовнинг уйида ёш болалар назоратсиз қолгани ва гугурт ўйнашлари оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 160 кв.метр майдонда том, шифт қисмлари ва уй жиҳозлари ҳамда қўшни уйининг 150 кв.метр майдонда том қисми ёнган.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида яшовчи К.Бозоровнинг молхонасида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, молхонанинг 85 кв.метр майдонда том қисми ва ғамлаб қўйилган ҳашак ёнган.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи К.Павликов ўз уйида сигарета чекиши ва эҳтиётсизлиги оқибатида ёнғин содир бўлди. Натижада уйнинг 100 кв.метр майдонда том, шифт қисмлари ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Top