21:45 / 27.07.2017
5579

Европа Иттифоқи Ливия сув ҳудудларида миграция операциясини ўтказишга тайёр

фото: AFP 2017 / Taha Jawashi

Европа Иттифоқи Ливия сув ҳудудларида бу давлат ҳукумати таклифи ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига мувофиқ ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ҳарбий-денгиз операциясини ўтказишга тайёр, деб айтди Еврокомиссия вакили Карлос Мартин.

26 июлда Италия бош вазири Паоло Жентилони Ливия Италиядан ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини Ливия соҳилларига муҳожирларни ноқонуний ташувчиларга қарши биргаликда курашиш учун жўнатишни сўраганини маълум қилган. Унинг айтишича, Ливия ҳукуматининг ушбу илтимоси Италия мудофаа вазирлиги томондан кўриб чиқилмоқда, ҳукумат бўлғуси қарорни парламент билан баҳоламоқчи.

"Биз зарур шартлар бажарилиши билан операциянинг кейинги босқичига ўтишга тайёрмиз. Бу Ливиянинг қонуний ҳукумати томондан таклифни кўзда тутади ва биз БМТ Хавфсизлик кенгашининг исталган қўлланувчи резолюциясини эътиборга оламиз", деб айтган Мартин Ливия илтимосига изоҳ бериб. 

Европа Иттифоқи давлатларининг кейинроқ "София" номини олган EUNAVFOR MED операцияси 2015 йилдан бери амал қилиб келади, унинг асосий вазифаси Ўрта ер денгизида одамларни қутқариш ва муҳожирларни ноқонуний ташишга қарши курашишдан иборат. 2016 йилда Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари бу операция мандатини кенгайтиришга қарор қилиб, унга иккита қўшимча вазифа қўшганлар: Ливия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати зобитларини ўқитиш ва БМТ томондан Ливияга нисбатан киритилган қурол эмбаргосини амалга ошириш. Европа Иттифоқи кенгаши 2017 йил 25 июлда ливияликларни ўқитишни назорат қилиш механизмини таъсис қилди ва миссияга Ливия нефтининг ноқонуний экспорти ортидан кузатиш ҳуқуқини берди.

Ҳарбий-денгиз операцияси дастлаб 3 босқичга бўлинган. Биринчиси халқаро сув ҳудудларида муҳожирларни ноқонуний ташиш ҳақидаги маълумотни йиғиш учун Европа Иттифоқи давлатлари кемалари ва самолётлари жойлаштирилишига тааллуқли бўлган. 2-босқич халқаро сув ҳудудларида байроқсиз ҳаракатланаётган шубҳали кемаларни текширишни назарда тутади. Ливия сув ҳудудларида Европа Иттифоқи кемалари ҳаракатланиши кўзда тутилган 3-босқич учун Ливия ҳукумати розилиги ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси талаб қилинади.

Top