18:20 / 27.07.2017
32104

«Икс-вариантлар бўлмаган ва бўлмайди ҳам». ДТМ вакили барчасини инкор этди

Давлат тест маркази 1 август куни ўтказиладиган имтиҳонлар олдидан абитуриентларни ишонтиришича, ҳеч қандай икс-вариантлар мавжуд эмас, имтиҳонлар учун тайёрланган тестларнинг жавоблари чиқариб юборилмаган.

Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Қаюм Боймиров бугун бўлиб ўтган «Ўзбекистон» телеканалининг «Биз учун муҳим» ток-шоуси вақтида ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиевнинг саволига жавоб қайтарди.

Саволда айни вақтда абитуриентлар орасида икс-вариантлар тарқалгани ҳақида хабарлар борлиги айтилган, буни марказ қандай изоҳлаши сўралганди.

«Ишонч билан айтаман, Давлат тест марказида тест саволларини тузадиганлар, типографиядагилар, тест варақаларини тайёрлашга жалб этилган барча масъул шахсларнинг халқ билан мулоқоти 25 июндан бошлаб тўхтатилган. Тест саволлари янада такомиллаштирилмоқда. 

Ишонч билан айтамиз, абитуриентлар ва ота-оналар бундай хабарларга ишонмаслиги керак. Бунга ишониб бўлмайди. Бундай икс-вариантлар бундан аввал ҳам бўлмаган», деди Боймиров.

У ўтган йиллар давомида турли шахслар «икс-вариантлар»ни тайёрлаб, алдаш йўли билан сотганини таъкидлаган.

Шунингдек, кўрсатув сўнгида бошловчи Барчиной Жўраева мунозарага таклиф этилган масъуллардан 1 август куни бўладиган имтиҳонларнинг шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш борасида ваъда беришга чақирди.

ДТМ бўлим бошлиғи икс-вариантлар чиқмаслигига ваъда берди.

Top