08:36 / 27.07.2017
8628

Саакашвили Украинага қайтишга эришишини айтди  

Фото: AP

26 июлда Украина фуқаролигидан маҳрум этилган, Грузиянинг собиқ президенти ва Украинанинг Одесса вилоятининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили Украинага қайтиш қонуний ҳуқуқи учун курашишини айтди.

26 июлда Украина миграция хизмати Украина президенти Пётр Порошенко Саакашвилини фуқароликдан маҳрум қилганини маълум қилганди. Аввалроқ Саакашвили Грузия фуқаролигини йўқотгандан кейин унда Украина фуқаролигидан бошқа фуқаролиги йўқлигини айтганди.

"Мен Украинада 13 йилдан кўпроқ яшайман, учта инқилобда иштирок этганман: гранитдаги ва икки майдондаги инқилобларда. Менда фақат битта фуқаролик – Украина фуқаролиги мавжуд ва улар мени ундан маҳрум қила олмайдилар. Ҳозир мени қочқин мақомини олишга мажбур қилишмоқчи. Бу юз бермайди. Мен ҳеч қаерда қолишни ва ҳеч қандай мақом олишни истамаяпман. Мен Украинага қайтиш қонуний ҳуқуқим учун эришаман", деб ёзган Саакашвили Facebook’даги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, у ҳозирги Украина депутатларининг аксариятидан кўпроқ украин ҳисобланади ва "ҳеч нарсага қарамасдан, бу ерда, Украинада курашни" давом эттиради.

2013 йил ноябрда Саакашвили Грузияни янги президент ўз лавозимига киришгандан кейин тарк этганди. Грузия бош прокуратураси унга бир нечта жиноий иш бўйича сиртдан айбловлар эълон қилган. 

2015 йилда Порошенко Саакашвилига Украина фуқаролигини берган ҳамда унинг Одесса вилояти губернатори этиб тайинлаши ҳақидаги фармонни имзолаган. 2016 йил ноябрда Саакашвили Украина ҳукумати коррупцияга қарши курашишни истамаётганини айтиб, бу лавозимдан истеъфога кетган.

Top