18:10 / 27.07.2017
18713

Тошкент вилоятида банкнинг сохта ходими ўзгаларнинг катта миқдордаги пулини ўмарди

Жорий йилнинг 1 июль кунидан 5 июль кунигача бўлган вақт оралиғида «Агробанк» акциядорлик тижорат банки Ўртачирчиқ тумани шохобчасида ғаройиб жиноят содир этилган. Ўзини ушбу банкнинг ходими деб таништирган фирибгар шу туманда яшовчи Равшан Каримжонов ўзганинг мулкини ўзлаштириш мақсадида жиноий ишга қўлга уриб, ўзгаларнинг катта миқдордаги пул маблағларини яширин равишда ўмарган. 

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, у компьютер техникаларидан фойдаланиб, банк мижозларининг пластик карточкаларини компьютер дастури орқали ўз телефон рақамига улаган. 

Шу йўл билан Ўртачирчиқ туманида яшовчи Р.Б. пластик карточкасидаги 7 млн 300 минг сўм; А.Б. карточкасидаги 1 млн сўм; У.Р.нинг 1 млн 500 минг сўм; Ш.Б.нинг 2 млн 200 минг сўм; Х.Я.нинг 371 минг 200 сўм пулини ўзлаштирган. Бунда у жиноий схема тузиб, пулларни таниши Абдуллахўжа Тошхўжаев номига расмийлаштирилган пластик карточкага тушириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Top