23:30 / 28.07.2017
14238

ЖАРда имо-ишоралар тилига давлат тили мақоми берилиши мумкин

Фото: РИА Новости / Юрий Сомов

Кар ва соқовлар сўзлашадиган имо-ишоралар тили ЖАРдаги ўн иккинчи давлат тилига айланиши мумкин, деб хабар беради Би-би-си телеканали. Жанубий Африка Республикасининг конституциясини ўзгартириш парламент қўмитаси тегишли таклифни ишлаб чиққан, деб ёзади РИА Новости.

«Бу имо-ишоралар тилини мактабдан бошлаб ўрганиш, давлат идоралари эса гунг ва карлар билан мулоқот қилиш учун ходимларни ёллашда қўл келади», — дея ЖАР тиллар кенгаши раиси Сибусисо Нкосидан иқтибос келтирмоқда маҳаллий ОАВ.

Би-би-си телеканалининг маълумот беришича, имо-ишоралар тилига давлат мақоми берилганлиги конституцияда мустаҳкамланиб қўйилиши керак.

ЖАРда имо-ишоралар тили давлат тили деб қабул қилиниши бўйича мунозаралар 2007 йилда кар ва совқовларнинг бир неча ассоциацияси биргаликда норозилик уюштирганидан сўнг бошланган эди. Ҳужжатга кўра, мамлакатда миллионлаб инсонлар «мулоқот қилиш усули мавжуд бўлмагани сабабли» товарлар ва хизматларни харид қилишда истагини кўнгилдагидек тушунтира олмайди.

Имо-ишоралар тилини давлат тили сифатида қабул қилган илк давлат Уганда бўлган. Африка давлатлари ичида имо-ишоралар тили Зимбабведа ҳам давлат тили саналади, бундан ташқари, Кенияда ҳам бу тилдан фойдаланиш рағбатлантирилиши мамлакат конституциясида белгилаб қўйилган.

Top