21:59 / 29.07.2017
15695

Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш хусусий секторга берилиши керак — Хориж тажрибаси асосида таклиф

Ҳурматли таҳририят! Сайтингизни кун давомида камида 10 мартадан ортиқ кузатиб бораман, Юртимиздаги ОАВлар ичида энг долзарб бўлган мавзуларни ўқувчилар ҳукмига тезкор ва холис тарзда ёритиб боришингизга таҳсинлар айтса арзийди.

Айни пайтда Кун.узъда бериб бориладиган материалларнинг жамият манфаатларига таъсирини кўпчилик билиб, мазкур сайт орқали ўзининг талаб ва таклифларини билдирмоқда.

Жумладан, мен ҳам яқиндагина Президентга ёзган мурожаатим ва тегишли соҳадан олган жавобимни сизларга тақдим этишни маъқул, деб ҳисобладим. Зеро, мен илгари сураётган муаммо ечими бўйича халқимиз орасида янада кенгроқ тарғибот юритиб, тилга олинган соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган юртдошларимиз топилиб қолар...

“Мен Неъматов Шуҳрат Исматович, асли касбим экология соҳасидан узоқроқ бўлса-да, сўнгги 2 йил мобайнида портал орқали, ушбу соҳага оид таклифларимни, Республикада санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган, аниқ ва самарали натижаларга эга ишланма лойиҳаларимни тақдим этиб келмоқдаман.

Мен илгари сураётган таклифлар бугунги кунда бошқа хорижий давлатларнинг мазкур соҳага оид тажрибаларини ўз кўзим билан кўриб, ўрганиб, таҳлилий ва танқидий ёндошувлар билан, яхшигина мустаҳкамланиб, амалиётга қўллашим учун Президент эътиборига ҳавола қилишни лозим, деб ҳисобладим.

1. Шаҳарларда маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларини тубдан ўзгартириб, уларни йиғиш ва ташишда ер остида пресслаш механизми орқали ортиқча суюқликлардан холи бўлган маълум шаклдаги чиқиндиларни ташиш тизими. (Бунда махсус автомашиналарнинг ёқилғи харажати тежалиб, маиший чиқинди объектлари кенг кўламда қамраб олинади ва шаҳар кўчаларида одамларни ранжитадиган ҳидлардан холи бўлади ҳамда чиқиндиларни ташишга ажратилган бюджет маблағлари салмоқли тарзда қисқаради).

2. Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, муниципал чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан лицензиялашни жорий қилиб, хусусий секторга бериш керак. (Ўрганишларим натижасида бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида мен билган 20 дан ортиқ корхона турли хил чиқиндиларни қайта ишлашмоқда, макулатура ва пластик идишларнинг чиқиндиларидан тайёрланган иккиламчи хомашёларни нафақат юртимизда, балки қўшни республикаларда, ҳатто Хитойда хам доимий талабга эгалиги ҳисобга олинса — бу яхшигина даромад дегани ҳам).

3. Босқичма-босқич, ижтимоий реклама ва тавсиялар орқали, аҳолини маиший чиқиндиларни пунктларга топширишда уларни турларга ажратилган ҳолатда топшириш маданияти ва савиясини ошириб бориш. (Бу тизим ривожланган мамлакатларда аллақачон амалиётга жорий этилган бўлиб, ўзини оқлаган ҳамда яхшигина иқтисодий тежамкорликка асосий сабаб бўла олади).

4. Чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича манфаатдор ташкилотлараро гуруҳ ташкил қилиш орқали аҳолини мазкур тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва самарали бўлган қайта ишлаш цехлари ва заводларида кўпроқ ишчи ўрни ташкил этиш. (Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академиясининг анорганик кимё, ион-плазма, физика ва бошқа манфаатдор институтлари мутахассислари, савдо-саноат палатаси, экспорт билан шуғулланувчи ташкилотлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассислари ва хусусий сектор вакилларидан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир).

5. Чиқиндиларни қайта ишлаш тизими орқали иккиламчи хомашёларга ички ва ташқи бозорлар талабини ўрганиш орқали давлат бюджети ва хусусий секторга даромад олиб келувчи тизимни жорий этиш. (Бугунги кунда иккиламчи хомашёларга бўлган талаб ривожланаётган Осиё минтақасида талаб кучли эканлигини инобатга олиб, керак бўлса ўзимизнинг мазкур соҳадаги салоҳиятимиз орқали, қўшни республикаларда қўшма корхоналар ташкил этиб, минтақада ўзига хос монополия орқали даромадга эга бўлиш).

Муҳтарам Президент! Айни масалани шахсан ўзингиз кўриб чиқишингиз, бу борадаги ишларни амалиётга жорий этилишини назоратингизга олиш орқали, биринчидан —бюджетнинг мазкур соҳага ажратиладиган миллиардлаб маблағларни тежаб, шунингдек, иқтисодиётимизга хусусий секторни жалб қилиб, минглаб ишчи ўринлари яратилишида реал имкониятларни вужудга келтирасиз”, — деб якунлаган эдим виртуал қабулхонага мурожаатимни.

Мурожаатим юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилган жавобни ҳам таҳлил қилишингиз учун тақдим этаман

Шуҳрат Неъматов

Top