23:37 / 29.07.2017
34668

Самарқандда бир неча олийгоҳ ўқитувчилари пора билан қўлга тушган

Ҳар йили олийгоҳларга кириш учун тест имтиҳонлари яқинлашар экан, оммавий ахборот воситаларида нопок ўқитувчиларнинг пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар болалайди. Бу йил ҳам бундан мустасно бўлмади — «анъана» бузилмади.

26 июль куни Самарқанддаги «Матбуот уйи»да олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирокида тест синовларига тайёргарлик ва уни ўтказишга бағишланган матбуот анжуманида Nuz.uz мухбири мутасаддиларга қуйидагича савол билан мурожаат қилган:

«Бир неча кунлардан бери Самарқандда айрим олий ўқув юртларининг ўқитувчилари пора олиш чоғида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида миш-мишлар юрибди. Миш-мишларнинг ёлғон ёки ҳақиқат эканлигига ойдинлик киритиш мақсадида аслида нима бўлганини сўзлаб бера оласизларми?»

Қўйилган саволга жавоб берар экан, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ректори Тоштемир Остонақулов институт юристи ўз иш кабинетида 10,5 минг АҚШ доллари пора олаётганида ушлангани маълум қилди.

Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институти ректори Султон Аҳмедовнинг сўзларига кўра, институт ходимларидан бири абитуриентдан 6 минг АҚШ доллари талаб қилинаётганда ушланган ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Самарқанд Давлат университети проректори Аҳмаджон Солиевнинг хабар беришича, факультетлардан бирининг декани 19 июль куни 23 минг АҚШ долларига тенг пора олаётганида қўлга тушган.

«Ўқитувчилар орасида улкан тушунтириш ишлари ва коррупцияга қарши тадбирлар олиб бораётганимизга қарамасдан, олийгоҳларда бундай ноқонуний ҳаракатлар ҳамон давом этаётгани таассуфли, — деди СамҚХИ ректори Т.Остонақулов. — Биз тест синовлари билан у ёки бу даражада боғлиқ ҳар бир ходимдан тушунтириш хати олганмиз. Синовларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш вақтида тартиб-қоидаларни бузиш қандай оқибатларга олиб келишини улар жуда яхши билишади: улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади».

Тошпўлат Раҳматуллаев

Top