23:03 / 02.08.2017
47217

Ўзбекистон минерал бойликлардан тушган бойликларни тақсимлаш рейтингида пастдан 10-ўринда

Ўзбекистон дунёнинг етакчи тоғ-кон ва нефть газ қазиб олувчи 89 давлати орасидаги рейтингда сўнгги ўнликдан жой олди. Республика фойдали қазилмалардан тушадиган даромадлардан фойдаланиш самарадорлиги ва мамлакат фуқароларининг улардан фойдалана олиши мезонлари бўйича паст кўрсаткичларга эга. 

Обрўли Natural Resource Governance Institute (NRGI – Табиий захиралардан фойдаланиш институти) халқаро ташкилоти «Захиралардан самарали фойдаланиш ва уларни тақсимлаш рейтинги» (Resource Governance Index)ни эълон қилди. Ҳужжатда, дунёнинг 82 фоиз нефти, 78 фоиз гази ва рудалар, минераллар, бошқа фойдали қазилмаларнинг аксар улушини қазиб олувчи 89 давлатнинг ҳар биридаги ҳолат алоҳида баҳоланади. 

Фойдали қазилма бойликларни қазиб олиш ушбу давлатларнинг ҳар бирига улкан даромадлар келтиради. Бу мамлакатларнинг айримлари қазилма бойликлардан тушадиган маблағларни самарали ишлатаётгани туфайли дунёнинг энг бой ва фаровон давлатларига айлангани таъкидланган. Қолганлари ҳамон қашшоқ ёки унчалик ҳам ривожланмаган давлатлар қаторида қолиб кетмоқда. 

NRGI тадқиқоти доирасида 150 кишидан иборат экспертлар гуруҳи 89 давлатнинг ҳар бирини 149 та мезон бўйича 10 мингдан ортиқ ҳужжат асосида ўрганиб чиққан ва айрим давлатларнинг муваффақияти ҳамда бошқаларининг муваффақиятсизлиги хусусида хулоса қилган. Масалан, давлатлар қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланди:
 
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун лицензия бериш самарадорлиги ва шаффофлиги;

Олинган даромадларни мамлакат бюджетида ва фуқаролар орасида, хусусан ижтимоий ҳимояни таъминлаш ва инсон салоҳиятини тараққий эттиришга тақсимлаш усуллари;

Давлатни ривожлантиришни молиялаштириш мақсадида миллий фаровонлик фондларини ташкил этиш;

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш.

Бундан ташқари, коррупция, қонун устиворлиги, таниш-билишларсиз бизнес юритиш имконияти, нефтгаз қазиб олиш ва тоғ-кон корхоналарининг ўзлари фаолият юритувчи туманлардаги фуқароларга ёрдам бериши ва шу кабилар ҳам эътибордан четда қолмаган. 

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон мазкур рейтингда деярли охирида жойлашган. У юқорида қайд қилинган мезонлар бўйича паст баҳоларга эга бўлган. Мамлакат «Нуқсонли» давлатлар гуруҳига киритилган. Улар «табиий бойликлардан олинадиган фойдалар жамиятга кўпроқ фойда келтирадиган тизимга эга бўлмаган давлатлар қаторига киритилган. Фойдали қазилмалардан тушаётган бойликлар фақат айрим компаниялар ва баъзи кишилар ихтиёрига келиб тушаётгани эҳтимол», дейилади тадқиқотда.

NRGI рейтинггига, шунингдек, собиқ СССР республикаларининг айримлари ҳам киритилган. Бироқ улардаги аҳвол бирмунча яхшироқдир. Собиқ иттифоқ мамлакатларидан рейтингда энг юқори ўринга Қозоғистон муносиб кўрилган. У 25-ўринда. Ундан сўнг Қирғизистон (38-ўрин), Украина (44-ўрин), Озарбойжон (47-ўрин) ва Россия (50-ўрин) жойлашган. Бу давлатларнинг ҳар бири Ўзбекистондан икки тасниф юқорида бўлиб, «Паст самарадор» мамлакатлар гуруҳида. Улар «захираларни тақсимлаш ва фойдаланиш самарадорлиги нуқтаиназаридан кучли ва заиф томонларга эга давлатлардир. Тадқиқот натижаларига кўра, жамият фойдали қазилма бойликлардан фойда кўради, аммо у чекланган моҳиятга эга».

Ўзбекистон билан бир гуруҳда, аммо ундан қуйида, аниқроғи 88-ўринда Туркманистон жойлашган. 

Норвегия модели

Рейтингнинг биринчи ўрнида энг юқори натижа билан Норвегия турибди. Мамлакат нефтнинг сезилари захирасига эга. Хусусан, нефть қазиб олиш мамлакат ЯИМнинг чорак қисмини ташкил этади. Бу даромадлардан самарали фойдаланиш ва тақсимлаш сабабли Норвегия ҳар бир фуқарога тўғри келувчи даромад бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Шу билан бирга, у ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида етакчидир. Мазкур давлат етти йилдирки, инсон салоҳияти ривожи даражаси (турмуш даражаси, узоқ умр кўриш, таълим ва б.) бўйича биринчи ўринда. Бундан ташқари, ҳаётдан розилик рейтинги, мулозимлар ростгўйлиги ва демократия тараққиёти борасида ҳам етакчидир. Шунингдек, Норвегия келажак авлод ҳақида ҳам етарли қайғурган давлатлар сирасига киради. У дунёдаги энг йирик миллий фаровонлик жамғармасига эга бўлиб, унинг ҳажми салкам 1 трлн долларга етади. 

Top