13:03 / 03.08.2017
5515

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги меҳмони Экоҳаракат вакиллари бўлди

Фото: "Кун"

2 август куни Халқаро Пресс-клубда Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилганининг 9 йиллиги муносабати билан анжуман ташкил этилди. Тадбир спикерлари сифатида Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Саидрасул Сангинов, Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депуталари гуруҳи аъзоси Cадиржон Жакбаров, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шоҳруҳ Шораҳмедов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари офиси  маслаҳатчиси Ханс Улрих Им иштирок этишди. 

2009-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳалари ва ижтимоий буюртмалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилояти ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий муассасаларга умумий қиймати 397 миллион сўм бўлган тиббий ускуналар, қуёш станциялари, шамол генераторлари ва сув иситиш коллекторлари ўрнатилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан ўтган давр мобайнида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялашга оид 12 та қонун қабул қилинди. Ўтган давр мобайнида Экоҳаракат қошидаги “Ишонч телефони”га фуқаролардан 3000га яқин  мурожаат келиб тушган бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг 70  фоиздан ортиғига ижобий ечим топилди. 

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий ўқув юртлари талабалари ва магистрлари ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя” танлови, мактаб ўқувчилари ўртасида “Онажоним табиат” иншолар ва расмлар танловини ўтказиш анаънага айланди. Марказий Осиёда ягона бўлган “Булоқча” – (Родничок) болалар экологик журнали нашрдан чиқарилмоқда.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон экологик ҳаракати ва SEMAK Equipment’s and Technology МЧЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди. Унга кўра, Экоҳаракат SEMAK Equipment’s and Technology билан чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар учун ускуна-агрегатлар ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш мақсадида умумий қиймати 5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция киритиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Top