18:21 / 03.08.2017
7415

Тошкент вилоятида 14 минг долларни ўзлаштириб юборган фирибгар аёл қўлга олинди

Фото: "Кун"

Тошкент вилояти ИИБда бўлиб ўтган брифингда фирибгарлик жиноятлари сони ортиб бораётгани ҳақида ахборот берилди. Хусусан, Ангрен шаҳрида яшовчи М.М. таниши Д.Р.нинг ишончига кириб, ундан қарзга пул бериб турса, олган пулларини 2 ойлик муддат ичида фоизи билан қайтиришини ваъда қилиб, 3 800 АҚШ доллари олиб қайтариб бермаган. Бундан ташқари М.М. Хитой Халқ Республикасидан катта миқдордаги иситиш печларини олиб келаётганлиги, бироқ етарли миқдорда маблағи йўқлигини айтиб, Д.Р.дан яна 5000 АҚШ долларини қўлга киритган.

Шунингдек, М.М. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2016 йилнинг ноябрь ойидан 2017 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида банк виза карточкаси тайёрлаб беришлигини ваъда қилиб, фуқаро Б.М.дан 3000 АҚШ доллари ва 100 минг сўм, фуқаро Л.У.дан 200 АҚШ доллари ва 13 миллион сўм, фуқаро Г.Э.дан 5 миллион 700 минг сўм, фуқаро Д.Н.дан 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни алдов йўли билан олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

М.М. ўзининг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, фирибгарлик қилганлигини, олган пулларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлигини тан олди. 

Яна бир йирик миқдордаги фирибгарлик ҳолати Бекобод шаҳрида ҳам қайд этилди. Жорий йил 20 май куни Бекобод шаҳрида яшовчи А.Х. фирибгарлик йўли билан А.А.га «Нексия» русумли автоуловини сотмоқчи эканини айтган. У «автоуловни бир ҳафта муддат ичида расмийлаштириб беришни ваъда бериб», А.А.дан 30 млн 8 юз минг сўм пулини олиб, шу кунга қадар қайтариб бермаган. Автоуловни ҳам расмийлаштирмаган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

Top