21:10 / 03.08.2017
109392

Тўй кортежига ҳамроҳлик қилган вертолёт кимга тегишли экани аниқланди

Фото facebook.com/olzhas.suleimenov

2 август куни "Чимкент-Тошкент" трассаси бўйлаб ҳаракатланган тўй кортежи ва унга вертолёт ҳамроҳлик қилгани ҳақида хабар берган эдик. Маълум бўлишича, бу ҳаракатлар Жанубий Қозоғистон вилоятидаги Ғарбий Европа - Ғарбий Хитой трассасида кузатилган. Бу ҳақда нефть ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компаниялардан бирида Авиация бўлими бошлиғи Куаниш Мусаев хабар берди. Унинг айтишича, лавҳада намоён бўлган вертолёт ярим соат муддати 275 минг тенге қийматда ижарага олинган. Мусаев унинг компанияси бундай хизмат турларини яқинда бошлагани, қўшимча даромад топиш мақсадида йўлга қўйилгани ҳақида гапириб берди.

"Бизнинг авиацион хизматларни тақдим қилиш учун рухсатномамиз бор. Эълон бўйича бир киши мурожаат қилган эди, белгиланган маблағни тўлади. Кўринишидан дўстлари билан йиғилишиб учмоқчи бўлган. Биз уларга тоғлар, яхши жойларни кўрсатдик. Улар манзилга қайтиш чоғи кортеж устидан учиб ўтишни илтимос қилишди”, - дейди Мусаев.

"Атрофда чўл, кенг йўл, машиналар соатига 60 км тезликда ҳаракатланмоқда. Вертолёт учиб ўтиб қўниш майдончасига етиб келди, унинг бортида эса келин-куёв ва уларнинг тўртта дўстлари бор эди”, - дейди тадбир ташкилотчиси. 

Куаниш бундан кейин ҳам компаниянинг бу хизмати давом этишини билдирди. Маҳаллий полиция эса тартиб қоидалар бузилмаганлик ҳолатини ўрганиб чиқмоқда.

Top