14:00 / 07.08.2017
23677

Олий таълимни қандай ислоҳ қилиш мумкин?

Ҳозирги тезкор ривожланиш даврида ёшларнинг аксарият қисми олий таълим олиш истагида ва ҳаракатида. Буни мамлакатимиз ОТМларига ҳужжат топширган абитуриентлар сонининг бетўхтов ўсиш динамикаси ҳам кўрсатиб турибди. Сон билан бирга сифатнинг ҳам ошаётгани эътиборга лойиқ. 10 йил олдинги ҳолат билан солиштирадиган бўлсак, ҳозирги абитуриентларнинг аксарият қисми имтиҳонлар учун анчайин сифатли ва самарали тайёргарлик кўрмоқда. Бу йўналишда репититорлик, нодавлат таълим муассасалари хизматлари таҳсинга лойиқ.

Абитуриентлар сифатли тайёргарлик эвазига ўқишга кирмоқда, лекин, улар бунинг эвазига 100 фоиз сифатга жавоб берадиган таълим олишадими? Ўша 100 фоизга етиш йўлидаги муаммоларни ўз нуқтаи назарим асосида келтириб ўтсам.

Кириш имтиҳонларидаги муаммолар

Ҳужжат топшириш тизимини замон талабларига мослаш керак. Бу ўта долзарб масаладир. Ахборот коммуникация технологиялари асрида яшамоқдамиз-у, ҳали-ҳамон ўқишга ҳужжат тайёрлаётган, бошқа вилоят ОТМига бориб топшириб, имтиҳонгача яна саргардон юрганларга кўзимиз тушади.

Ваҳоланки, АҚШ ва Европанинг етакчи давлатлари ҳужжатларни электрон шаклда, масофадан туриб қабул қилишга ўтганига анча бўлиб қолди. Ҳақиқатдан ҳам ғалати ҳолат. Бир танишим бакалаврга кириш имтиҳони учун пойтахтга бир ой ичида 4 марта бориб келгани эсимда. Бакалаврни тугатгач эса магистратурага АҚШнинг Калифорния штатидаги бир университетга океаннинг бу томонида туриб ҳужжат ҳам топширди, онлайн имтиҳон ҳам топшириб ўқишга кирди. Ахир бу ажойибку, тўғрими?

Хуллас, ҳужжат топшириш электрон шаклга ўтказилса, абитуриентларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Қабул қилувчи комиссия ҳам биринчи 5 кунликда кунига 5тадан, охирги 5 кунлигида эса 500та ҳужжат қабул қилиш муаммосидан халос бўлади. Бу икки томонлама фойдали ва замон талабига тўлиқ жавоб берадиган ўзгариш бўлар эди, агар содир бўлса.

Йилдан йилга қийинлашиб бораётган кириш имтиҳонлари абитуриентларга етарлича муаммолар ва бир талай иш орттирмоқда. Имтиҳонларни самарали ташкил этиш дегани бу саволларнигина қийинлаштириш эвазига сунъий тўсиқлар яратиш, дегани эмас, менимча. Чунки савол объекти тобора майдалашиб, мужмаллашиб абитуриентни керагидан ортиқ қийнаб юбормоқда. Бундай ҳолатларни она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларида яққол кузатишимиз мумкин, бошқа фанлар ҳам бундан мустасно эмас.

Бундан ташқари, 36 талик 3 блокли тест ҳам баъзида самара бермаётганини кузатишимиз мумкин. Мисол тариқасида олсак, кириш балли 75-85 оралиғида бўладиган йўналишга қандай абитуриент ўқишга киради деган саволни бераман. Ҳа, топдингиз, фақатгина омадли абитуриент! Лекин гап таълим ҳақида борар экан биринчи навбатда илм олган абитуриент ўқишга кириши лозим.

Кўпчилик йўналишларда (ижтимоий гуманитар йўналишлар мустасно) она тили ва адабиёти фани энг кам балл келтирадиган саволлар ҳисобланади(1,1×36=39,6). Табиийки, дастлабки, яъни юқори балл тўплаш мумкин бўлган фанлардан яхши тайёргарлик кўришнинг ўзи талабаликка йўл оча олади. Хўш,энди ўйлаб кўринг, она тили ва адабиёти фанидан ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаган талаба олий маълумотли бўлди ҳам дейлик, кейин-чи? Жамиятда учраётган саводсизларча ёзилган ёзувлар, ҳужжатлар ва ижтимоий тармоқлардаги қолдирилаётган хабарларнинг муаллифи ким деб ўйлайсиз? Ҳа, ўша олий маълумотли саводсизлар! Демоқчиманки, кириш имтиҳонида таълим йўналишидан қатъи назар, ҳар бир фан учун алоҳида муайян талабларга жавоб берадиган абитуриентни қабул қилиш керак. Шундагина сифатли кадр тайёрлаш мумкин бўлади. Бу — замон талаби.

Сифатли олий таълим олиш сифатли абитуриентга насиб қилиши керак. Баъзида 1 август имтиҳонларида халқ тилида айтганда «автомат», яъни имтиҳон топшириладиган фанни тўлиқ ўзлаштирган, ҳар қандай саволларга тайёр абитуриентлар «қовун тушуриб қўйгани» ҳақида эшитиб қоламиз. Ваҳоланки у талабалик насиб қилган «омадли»дан кўра кучлироқ тайёргарлик кўрган ва табиийки, билимлироқ бўлиб чиқади. Демак, муддао шуки, бутун бошли имтиҳонни бир куннинг ўзида эмас, хориж университетлари сингари, босқичма-босқич ва қўшимча имконият билан топшира олиш шароитини яратиш керак.

Мен ҳатто шундай талабаларни биламан, улар ўқишга топшираётганида бу йўналишда таълим беришнинг мақсадини билмаган, тушунмаган ҳаттоки қизиқмаган. Бу каби «талабалар» ўтиш баллари орасидан ўзига «мос»ини танлаб талаба бўлишган. Юқоридаги 75-85 балли йўналишлар бу каби «зиёли»лар билан тўлиб тошган, десам ишонаверинг. Бу мисолни келтиришдан муддаом шуки, аввало бўлажак талаба фақат омаддан ташқари билим ва фикрлаш доирасига эга, жамиятнинг фаол аъзоси эканига ишонч ҳосил қилиш керак. Яқинда бу омил ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан берилган ахборотда маълумот берилди. Яъни ҳужжат топшириш жараёнида абитуриент суҳбатдан ўтиши кўзда тутилган. Бу ўзгариш қачондан ва қай тарзда амалга оширилиши ҳали бизга номаълум.

Бундан ташқари, хорижнинг етакчи таълим муассасалари қўллаётган усулларни бизда ҳам ўзимизга мослаб ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш лозим. Бунга мисол тариқасида суҳбат (interview) ва сертификатлар жорий қилишни келтириш мумкин.

Юқоридаги келтирилган қарашлар қабул комиссияси томонидан рўёбга чиқарилса ўз-ўзидан бўлажак талабалар ҳам бунга мос тайёргарлик кўради. Таълим сифати ҳақиқий талабга жавоб берадиган даражага олиб чиқилади.

О.Озодов

Top