18:41 / 07.08.2017
8491

Самарқандда ярим тонна этил спирти ортилган “Ласетти” тўхтатиб қолинди

Яқинда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги этил спиртининг ноқонуний айланмасини фош қилишди, деб хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Вилоят ҳудудида ҳаракатланаётган «Lacetti» русумли автомашинаси бошқараётган фуқаро Ҳ.Эшимов дастлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг тўхташ ишорасига буйсунмасдан, газни босади. Аммо, қочишга уринишлар наф бермади.

Тўхтатилган автомашина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салони ва юкхонасига 23 дона елим идишлар ортилгани аниқланди.

Елим идишларда эса умумий ҳажми 500 литр бўлган спирт борлиги маълум бўлиб, ҳайдовчи кейинчалик қайта сотиш учун кўзланган ушбу маҳсулотга тегишли биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган 500 литр спирт ва “Ласетти” автомашинаси вақтинча сақловга топширилди.

Top