12:29 / 08.08.2017
22870

Тошкентда жуда катта миқдордаги пулларни легаллаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди

Пойтахтнинг Бектемир туманидаги “Nerudnik” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг норасмий таъсисчиси бўлган Темур Самиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) савдо қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларни содир этганлиги маълум бўлди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Т.Самиров 2012 йил 22 февралдан буён “Nerudnik” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг таъсисчиси ва норасмий раҳбари вазифасида фаолият юритиб келган. Бундан ташқари, у мазкур даврда қўшма корхонанинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудларида таъсис этилган бир нечта хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини ҳам норасмий равишда ўзи бошқаради. Улардаги масъул лавозимларга эса ўзига содиқ ва яқин танишлари бўлган шахсларни тайинлайди. Шу тариқа ушбу шахслар уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиб, биргаликда корхоналарда ноқонуний йўллар билан маблағларни ўзлаштирадилар ва легаллаштириб олаверадилар.

Дастлаб улар “Inter Cargo Trans Logistics” МЧЖ ва “Baraka Building Servis” МЧЖларнинг фаолиятидан олинган 212,1 млрд сўмлик жиноий даромадларнинг бир қисми ҳисобига “Nerudnik” ОАЖнинг акцияларини норасмий равишда сотиб олишади. Корхона ҳужжатларини ўзларининг мақсадларига мослаб, мақомини ўзгартиришади. Т.Самиров ўзига тегишли “Legion Bonus Servis” МЧЖдаги жиноий йўл билан топилган 2,3 млрд сўмни ва Бирлашган Араб Амирликларидан рўйхатдан ўтган “STG Business FZE” компаниясидан 999 млн. сўм маблағни расмий равишда ушбу қўшма корхонага киритиш орқали легаллаштириб олади.

Юқорида таъкидланганидек, Т.Самиров ўзи ташкил қилган гуруҳнинг ҳар бир аъзосига вазифаларни тақсимлаб беради. Жумладан, масъулияти чекланган жамиятда фаолият кўрсатиб келган Ф.Умиров, Б.Мелиев, А.Алиев, Д.Артиков, Ш.Шакировларга корхонада ишлаб чиқарилаётган тош-қум аралашмаси, шағал ва қум маҳсулотларини нақд пулга ва пул ўтказиш йўли билан сотиш юклатилади. Шу билан бирга, уларга маҳсулотларнинг бир қисмини ҳисоботлардан яшириш ҳам уқтирилади. Нақд пулга сотилган маҳсулотлар сотувидан тушган пуллар эса корхонага кирим қилинмай, Т.Самировга берилади. Шунингдек, уларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ноқонуний тарзда қисқартириш вазифалари ҳам юклатилади.

Корхона бош ҳисобчиси К.Кошметовга ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳисоботларда тўлиқ акс эттирмаслик, ҳисобга олинмаган маҳсулотларнинг сотувидан тушган нақд пулларни корхона ғазнасига кирим қилмасдан, Т.Самировга етказиб беришдек “масъулият” юкланади.

Корхонанинг сотув бўлими бошлиғи Илҳом Ҳикматуллаевга эса ҳисоботдан яширилган тайёр маҳсулотларнинг сотувидан тушган нақд пулларни тўплаб, раҳбарга етказиб бериш айтилади.

Гуруҳ аъзоларидан бири бўлган Дилшод Артиков ҳам 2012 йил 17 октябрдан 9 ноябрга қадар “Nerudnik” МЧЖ ҚК бош директори вазифасида ишлаб, норасмий “бошлиқ”нинг талабларини бажариб келган экан. У мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳамкасблари билан бирга корхона томонидан ишлаб чиқарилган жами 160 млн. 758 минг сўмлик маҳсулотларни корхона ҳисоботларида акс эттирмайди ва уларни турли шахсларга нақд пулга сотиб, корхона ғазнасига кирим қилмайди.

Д.Артиков ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ҳамкасблари билан бирга ўзаро тил бириктиради. У ўзи раҳбарлик қилган даврда корхона фаолиятидан олинган ноқонуний даромадларга қонуний тус бериш мақсадида, ушбу маблағлар ҳисобидан Т.Самировга тегишли бўлган “S-Avto Demomax” МЧЖ негизидаги “Rohat” савдо мажмуаси, “Mavlonbek-Alibek” МЧЖ балансида бўлган Яккасарой тумани А.Қаҳҳор кўчасидаги 16 қаватли уй-жой комплексини ва бошқа объектлар қурилишини молиялаштириб, жиноий фаолиятдан олинган 160 млн. 758 минг сўмлик даромадларни легаллаштиради.

Судда мансаб ваколатидан четга чиқиб, давлат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган судланувчилар айбларига иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймонликларини айтишди. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан уларга тегишли жазо тайинланди.

Top