08:46 / 11.08.2017
16227

Андижонга Ўш шаҳри ҳокими бошчилигидаги делегация ташриф буюрди

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик янгича мазмун касб этмоқда. Кейинги пайтларда ўзаро алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Жумладан, Ўш ва Андижон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги тадбир ҳам дўстона руҳда кечди. 

 

10 август куни Ўш шаҳар мэри раҳбарлигидаги делегация “Дўстлик” чегара божхона масканида кутиб олинди. Меҳмонлар дастлаб Хўжаобод туманида яқинда фойдаланишга топширилган “Тошкент вино комбинати” акциядорлик жамияти, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Навигул” қўшма корхонаси ҳамкорлигидаги “FRIUT INDUSTRIES” корхонасида бўлдилар. Бу ерда ташкил этилган замонавий технологиялар асосидаги иссиқхона, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. 

Андижон шаҳридаги илк ташриф “Андижонавтотеххизмат” ёпиқ акциядорлик жамиятига бўлди.

-  Икки халқни бир-биридан ажратмоқчи бўлганлар хато қилади, - деди Ўш шаҳар мэри Айтмамат Қадирбаев. - Бизни урф-одатларимиз, тилимиз, динимиз, ҳатто қабристонларимиз ҳам бир. Бундан кейинги дўстона муносабатларимиз янада ривожланиб бораверади. Бунинг учун давлатларимиз раҳбарларига миннатдорчилик билдирамиз.

Шундан сўнг ижодий тўгараклар ўқувчиларидан иборат иқтидорли ёшлар турли халқларнинг рақсларини ижро этдилар. 

“Андижонавтотеххизмат” автосалони ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Мамлакат автомобиль саноатида эришилаётган ютуқлар, ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ҳақида мутахассислар атрофлича маълумот бердилар.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтган ўзаро суҳбатлар болалардаги касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш мавзусида бўлди.

Андижон шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш, қурилиш ишлари билан танишиш асносида меҳмонлар Андижон шаҳри Ёйилма маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдилар. Маҳалла тузилмаси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари учун қурилаётган янги иншоотни кўздан кечириб, профилактика инспекторининг оиласи билан кўчиб ўтган уйда меҳмон бўлдилар.

Навбатдаги манзил Андижон шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 13-умумтаълим мактаби эди. Таълим даргоҳида ўқувчилар учун яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлар билан танишган меҳмонлар кейинги йилларда соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараларини эътироф этдилар.

Андижон шаҳри М.Мусаев кўчасида қурилаётган кўп қаватли турар-жой бинолари, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ҳам меҳмонлар эътиборидан четда қолмади. Бунёдкорлар ушбу иншоотлар замонавий лойиҳавий ечимлар асосида, бугунги кун талаблари даражасида барпо этилаётгани, уларнинг эгаларига имтиёзли кредитлар ажратилиб, қулайликлар яратилаётгани ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Учрашув давомида Андижон вилояти ишлаб чиқарувчи корхоналари томонидан ташкил этилган кўргазма намойиш этилиб, ҳар икки томон тадбиркорлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида “Бизнес форум” ташкил этилди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top