17:36 / 11.08.2017
8534

Марказий Осиёни ривожлантиришнинг янги омиллари

Американинг ташқи сиёсат бўйича кенгаши вице-президенти Илан Берман Foreign Affairs нашрида Марказий Осиёни ривожлантириш учун янги рағбатлантирувчи омиллар (стимуллар) мавзусида мақола эълон қилди. Американинг ташқи сиёсат бўйича кенгаши АҚШ Конгрессидаги республикачилар билан кенг алоқаларга эга консерватив нуқтаи назардаги таҳлилий марказ ҳисобланади. Қуйида мақоланинг қисқартирилган таржимаси тақдим этилади.

Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари етакчиларининг амалий ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли улар билан яна чуқур ҳамкорлик ҳамда ўзаро алоқалар учун янги шароитлар пайдо бўлди. Бунгача ташқи дунё бу минтақаларни ҳудудий баҳслар ва энергетика ҳамда сув ресурслари учун ўзаро рақобат қилувчи давлатлар зонаси сифатида кўрганди. Бироқ ўтган йилдан бошлаб бу мамлакатлар ҳукуматлари сармоявий муҳитни яхшилаш, савдо ва туризмни ривожлантириш бўйича жиддий ислоҳотларни бошлашди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг янги етакчиси алоҳида ажралиб туради, у ҳокимият тепасига келгач қўшнилари билан қалин алоқаларни ўрнатди. Президент Шавкат Мирзиёев “очиқ, дўстона ва прагматик” позиция тарафдори эканини маълум қилди ва қўшни давлатлар билан муносабатларни нормаллаштиришни бошлади. У ўзининг илк расмий ташрифларини Туркманистон ҳамда Қозоғистонга амалга оширди, шунингдек, Тожикистон қа Қирғизистон билан алоқаларни яхшилади. Шу билан бирга, қўшни давлатлар Тошкентнинг минтақада яхши қўшничилик алоқаларини яхшилаш бўйича сиёсатини ижобий қабул қилишди ҳамда қўллаб-қувватлашди. Бундан ташқари, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фуқаролик жамияти соҳасида чуқур ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Бу ҳодисалар ушбу минтақалардаги сиёсий жипслашув ва инновациялар даражасини кўрсатмоқда, буни 10 йил муқаддам фараз қилиш мушкул эди. Иқтисодиёт, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инфратузилмани қуриш соҳаларида яна кўп нарсани қилиш лозим. Бироқ, ижтимоий институтларнинг барқарор кучайтирилиши, анча яхши иқтисодий ўсиш ва либераллаштиришнинг кишиларнинг янги авлодига таъсири минтақа давлатларининг ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Шу сабабдан Вашингтонда АҚШнинг Марказий Осиё кун тартибидаги иштирокига доир “янги” ғоялар фавқулодда талабгир. Минтақа давлатларидаги динамик ўзгаришлар уларни Москва ва Пекин билан рақобат призмасида кўришни тўхтатиш лозимлигини кўрсатмоқда. Собиқ иттифоқ маконига мустақил геосиёсий марказ сифатида қараш вақти келди. Шу билан бирга, Америка стратегияси бу ерда мустақил ва бир-биридан эркин хавфсизлик ҳамда иқтисодиёт соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик тузилмаларини ташкил этиш жараёнига кўмак кўрсатишга йўналтирилган бўлиши керак. 

Top