19:55 / 12.08.2017
33422

Бодибилдернинг сальто қилишга уриниши фожиали якунланди

Жанубий африкалик бодибилдер, ўсмирлар ўртасида собиқ жаҳон чемпиони Сифисо Лунгело Табета мусобақалар вақтида ҳалок бўлди. Ёш спортчининг сальто қилишга уриниши унинг ўлимига сабаб бўлган. Спортчи мусобақа вақтида арена ўртасига чиқаётганда ёрқин кўриниш мақсадида сальто қилишга уринган, бироқ унинг уриниши муваффақиятсиз чиқиб, у боши билан ерга тушган ва бўйин умуртқаларини синдириб олган.

Воқеа 5 августда содир бўлган, бироқ у ҳақда эндигина маълум қилинган. Томошабинлар 23 ёшли бодибилдернинг ҳаётидаги сўнгги трюкини видеога муҳрлашган.

Роликдан кўринишича, спортчи ерга тушгач, туролмай қолган. Унга ёрдам беришга уринишлар бесамар кетган, спортчининг ҳаётини сақлаб қолиш муваффақиятсиз якунланган.

“Бодибилдинг ҳамжамияти умлазилик бодибилдер, Сифисо Лунгело Табетанинг фожиали ўлими ҳақидаги хабардан карахт ҳолда ва қайғуга чўмган”, деб ёзилган Жанубий Африкада чоп этилувчи бодибилдинг ҳақидаги Muscle Evolution журналида.

Спортчининг мухлислари ва дўстлари ҳам унинг бевақт ўлими сабабли Instagram’да унинг сурати остида ўз ҳамдардликларини билдирганлар. 

Top