20:17 / 13.08.2017
8469

Ҳиндистонда камида 60 бола вафот этган шифохона раҳбари ишдан четлатилди

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати ҳукумати кислород етишмовчилиги туфайли камида 60 нафар бола ҳалок бўлган давлат шифохонаси раҳбарини ишдан четлатди. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар берди. 

Манбага кўра, BRD Medical College давлат шифохонаси раҳбари Раджив Мисрани четлатиш тўғрисидаги қарор шанба куни кечқурун қабул қилинган. Ҳукумат шунингдек тиббиёт муассасасига кислород етказишга доир шартномаларни тузиш факти бўйича тергов ўтказишга қарор қилган.

Шифохонада ҳаётдан кўз юмган беморларнинг аксарияти янги туғилган ва энцефалит билан касалланган болалар бўлган. Ўлим ҳолатларининг барчаси беш кун ичида Горакхпур туманидаги Баба Рагхав шифохонасида қайд этилган. Уларнинг ўттизтаси пайшанба ва жума кунларида рўй берган. Маҳаллий ОАВга кўра, шифохонада ваҳима кўтарилган, болаларнинг қариндошлари тиббиёт ходимларига сунъий нафас тизимини қўлда бошқаришга ёрдамлашишган. 

Штат соғлиқни сақлаш вазири Сирхартх Натх Сингх оммавий ўлим ҳолатлари кислород етишмовчилигидан келиб чиққанини инкор қилган. Сўнгги уч йилда шифохонада кунига 19-22 ўлим ҳолати кузатилмоқда, деди у. У гап айнан болалар ҳақида кетаяптими ёки йўқ, аниқлик киритмаган. 

Шифохона баёнотида эса "кислород босими пасайгани" қайд этилган.

Top