21:20 / 13.08.2017
17366

"Нафталан" МДҲнинг энг яхши санаторийларидан бири дея эътироф этилди

Skyscanner етакчи халқаро сайёҳлик қидирув портали экспертлари МДҲнинг энг яхши санаторийлари рўйхатини тузиб чиқишди. Озарбойжоннинг "Нафталан" спа-меҳмонхонаси ушбу рўйхатдан муносиб жой олди. Мутахассислар "санаторийда дам олиш - ўтган аср" қабилидаги гапларга ишонмасликни маслаҳат беришмоқда, деб ёзади Oxu.Az.

"Замонавий пансионатлар ва соғломлаштириш марказида барчаси яхши меҳмонхоналардаги каби, фақат барлар ўрнида - минерал сувлар, лой ва уқалаш сеанслари. Биз глобусни айлантириб, 2017 йилдаги рейтинглар, нархлар ва санаторий ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ўрганиб чиқдик ва қулай шароитларда соғлиқни тиклаш имкони мавжуд бўлган 11 санаторийни танлаб олдик", - дейилади халқаро турпортал хабарида. 

11 санаторий орасида Нафталанда жойлашган "Чинор" спа-меҳмонхонаси ҳам бўлган. "Нафталанда қувурлардан нефть чиқади, лекин бу ёнувчан нефть эмас, даволовчи нефтдир. Нафталан нефтининг шифобахш хусусиятлари ҳақида машҳур сайёҳ Марко Полонинг фикри диққатга сазовор - дунёда унга ўхшаши йўқ. Унинг ҳиди ўткир ва ёқимсиз, аммо шифобахшлик хусусиятларига шубҳа йўқ. Бироз кулгили туюлиши мумкин, лекин курортда ҳатто касалликлардан халос бўлган беморлар қолдирган ҳассалардан иборат музей ҳам бор", - дея таъкидлашади мутахассислар. 

"Агар нефть билан даволаш усулини синаб кўришга қарор қилсангиз, "Чинор" спа-меҳмонхонасида тўхтанг. Бу - даволашга жиддий ёндашувни сақлаб қолган, беш юлдузли меҳмонхонага айлантирилган эски санаторий".

Мутахассислар кундузи нафталан ванналарини қабул қилишни, тренажёр зали ва сузиш ҳавзасида ортиқча вазнни йўқотишни, серқарағай паркдаги ҳайкалларни томоша қилишни ёки Ганжага экскурсияга чиқишни тавсия қилишади. "Кечки пайт эса мусиқачиларнинг жонли ижросини ўтказиб юборманг: торнинг жонли жарангини яна қаерда эшитиш мумкин?"

Нафталандаги санаторийнинг нархлари ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилган. Етти кунга 613 манат (1 доллар, 1.70 манат атрофида) - бу даволаш курсининг минимал пакети. Даволаш курсларисиз шунчаки дам олмоқчи бўлсангиз, суткасига 76 манат керак бўлади.  

Нафталан курорти Озарбойжоннинг катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Ганжа (Кировобод) қадимий шаҳридан 50 километр масофада, экологик тоза туманда, қарағай парки ҳудудида, сунъий кўл қирғоғида жойлашган. Паркнинг соя-салқин хиёбонларида ҳордиқ чиқариш ва даволаниш учун қулай шароит яратилган. 

Бугунги кунда Нафталан курорти 70дан ортиқ касалликларни такомиллаштирилган усуллар бўйича нафаталан ванналари ёрдамида, максимал қулай шароитларда  даволайди. Малакали, тажрибали ва яхши кайфият улашувчи жамоа асосий мақсад - инсон саломатлигига эришиш учун бор кучини бағишлайди. 

Турли касалликларда нафталан ванналари билан даволаш усулининг самараси 1600дан ортиқ илмий иш ва монография, жумладан 270 диссертация билан тасдиқланган. 

Нафталан нефти тери орқали сўрилиб, каппиляр қон оқимига ижобий таъсир кўрсатади, майда томирларида қон айланишини яхшилайди, қон томирларини кенгайтиради, қон ивишини пасайтиради, ферментатив жараёнлар фаоллигини оширади, организмнинг барча функцияларини рағбатлантиради, микробга қарши таъсир этувчи хусусиятга эга. 

Нафталанда даволанишнинг умумий давомийлиги - 20 кунгача. Бу вақт ичида беморлар орада танаффус билан, мутахассис шифокорлар назорати  остида 10-15 ванна қабул қилишади. 

Нафталан ванналари 8-10 дақиқа давом этади. Бемор 37-38 даражагача иситилган нафталан нефти билан тўлдирилган ваннага жойлаштирилади. Нефть тери орқали қонга сўрилади ва кейин тер билан ташқарига чиқади. Шуниси эътиборлики, тер билан бирга организмдаги барча зарарли моддалар ҳам чиқиб кетади.

Top