23:26 / 15.08.2017
53100

Тошкентда Ислом Каримов ҳаётига бағишланган фотокўргазма очилди

Тошкент Фотосуратлар уйида 15 август куни Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ҳамда унинг портретини яратиш бўйича ижодий танлов натижаларига бағишланган бадиий кўргазма очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, санъатшунослар, мусаввирлар, журналистлар иштирок этди. 

Фотокўргазмада Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти саҳифаларини акс эттирган 39 та сараланган фотосурат намойиш этилмоқда.

Кўргазма экспозициясидан жой олган «Ислом Каримов ғаллазорда», «Ислом Каримов ёшлар даврасида», «Саид Аҳмад ва Ислом Каримов», «Ислом Каримов санъаткорлар даврасида», «Ислом Каримов ҳарбийлар даврасида», «Ислом Каримов ва Владимир Путин», «Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев» каби сараланган суратларда Биринчи Президентнинг сермазмун ҳаёти ва фаолияти акс этган. 

Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бу кўргазма 2017 йил 25 августга қадар давом этади.

Кўргазма доирасида Биринчи Президентимизнинг портретини яратиш мақсадида жорий йилнинг 31 июлига қадар ўтказилган ижодий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. 

Танлов натижаларига кўра, биринчи ўринга Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми Баҳодир Жалолов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Зебинисо Шарипова ва учинчи ўрин Мақсуд Қосимовга насиб этди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, 2 сентябрь мамлакатда Ислом Каримов хотираси куни деб эълон қилинган.

Top