08:41 / 18.08.2017
4514

Фототехника ишлаб чиқарувчи Polaroid компанияси смартфонлар бозорига қайтмоқчи

Фото: VIA

Ўзининг бир лаҳзада суратни чиқариб берувчи фотокамералари билан танилган, АҚШнинг Polaroid компанияси смартфонлар бозорига қайтмоқчи. Бу ҳақда 17 августда компания сайтида чоп этилган баёнотдан маълум бўлди.

Компания ўзи учун янги бўлмаган бозордаги йўлини ҳамёнбоп Cosmo K смартфонлар қаторидан бошлашга қарор қилди. Бу қаторга 5 ва 5,5 дюймлик экранга эга иккита смартфон кирган. Polaroid муҳандислари ушбу қурилмаларга асос сифатида такт частотаси 1,3 ГГц бўлган 4 ядролик MediaTek процессорларини олишган.

Cosmo K ва Cosmo K Plus деб аталган смартфонларнинг тезкор хотираси 1 Гб ни, доимий хотираси эса 8 Гб ни ташкил қилади. Доимий хотира ҳажми MicroSD карталари ёрдамида оширилиши мумкин. Смартфонлар 13 Мп ли асосий ва 5 Мп ли фронтал камера билан жиҳозланади. Янги смартфонлар Android 6.0 Marshmallow операцион тизимида ишлайди.

Дастлаб ушбу смартфонлар Мексикада сотувга чиқарилади. Агар Мексикадаги савдолар муваффақият қозонса, компания маркетологлари қурилмаларни бошқа бозорларга ҳам чиқармоқчилар. Компания истеъмолчиларни айнан нима билан жалб қилиши номаълум. Эҳтимол бунда ҳал қилувчи омил смартфонлар нархининг жуда арзонлиги бўлиши мумкин.

Top