21:50 / 21.08.2017
4404

Барселона яқинида «худкуш камари» таққан шубҳали шахс ўлдирилди, у 17 август теракти ижрочиси бўлиши мумкин

Барселона шаҳридан 50 км масофада жойлашган Субиратсе шаҳарчасида полиция «худкуш камари» тақиб олган шахсни отиб ташлади. Бу ҳақда El Mundo хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, полициячилар Субиратсе яқинидан ўтадиган 243-шоссенинг 16-километрида террорчини аниқлашган. Ҳудудда Барселона ва Камбрильсдаги терактлар доирасида текширув ўтказилаётган эди. Рўй берган отишма вақтида террорчи ўлдирилган.

Pais нашрида ушбу шахс Барселонадаги теракт ижрочисилигидаги асосий гумондор, 22 ёшли Юнус Абуёқубга ўхшашлиги ёзилган. Тергов маълумотига кўра, Абуёқуб шаҳар марказида одамлар устига ҳайдаб борилган фургон рулида бўлган.

Субиратседа ўлдирилганнинг шахси ҳозирча тасдиқланмади.

Барселонадаги теракт 17 август куни содир этилди. Террорчи Рамбла кўчасида йўловчилар устига юрди. У 500 метр масофада одамларни босиб юрди, шундан сўнг автомобилдан чиқиб, кўздан яширинди. Кейинроқ у ўткинчи ҳайдовчисини ўлдириб, машинани олиб қочди.

Барселонадаги ушбу ҳужумдан 9 соат ўтиб террорчилар гуруҳи бу шаҳардан 120 км масофада жойлашган Камбрилсда одамларга ҳужум уюштирмоқчи бўлди. Машинада одамлар устига босиб бормоқчи бўлган 5 террорчи полициячилар томонидан отиб ташланди.

Барселона ва Камбрилсдаги ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 кишини ташкил қилди, юздан ортиқ киши жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

Top