22:11 / 21.08.2017
5425

Ростовдаги ёнғинда жабрланган 8 киши шифохонага ётқизилди

Россиянинг Ростов шаҳрида рўй берган ёнғин оқибатида жабрланганлар сони 8 кишини ташкил қилди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги шаҳар шифохонасидаги манбага асосланиб хабар тарқатди.

«Айни вақтда бизга 8 кишини олиб келишди. Улардан бири ФВВ ходими, яна 3 полициячи», дея маълум қилган агентлик суҳбатдоши.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёнғиндан кейин жами 36 киши тиббиёт ходимларига мурожаат қилган.

Ростовнинг Нижегородский кўчасида ёнғин чиқиб, қўшни кварталларга тарқалди. ФВВ маълумотига кўра, ёнғин жами 25та уйга талофат етказган (11та икки қаватли ва 14та бир қаватли), унинг кўлами майдони 10 минг кв метрни ташкил қилган.

Ёнғинни ўчириш ишларига авиация ҳам жалб этилди. Шаҳарда фавқулодда вазият тартиби киритилган.

Охирги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида қурбон бўлганлар йўқ.

Top