16:00 / 21.08.2017
9188

Саёҳатга чиқишда унутмаслик керак бўлган 7 қоида

Ёз кунлари ўз ниҳоясига етиб бормоқда, аммо айрим ўқувчиларимиз эндигина иш таътилини қўлга киритиб саёҳатга жўнаб кетишни мақсад қилиб турган бўлса ажаб эмас. Саёҳат кишига ҳузур бағишлаши лозим, уқубат эмас. Шундай экан, унинг мазмунли ва бахтли онлар бой ўтиши учун тажрибали сайёҳлар 7 нарсани ҳеч қачон эсдан чиқармасликни маслаҳат беради.

1. Юк жамадони

Барча кишилар уйидан чиқиб кўзлаган манзилига эсон-омон етиб олгунча, ундан кейин ҳам шахсий буюм ва кийимларини олиб юриш учун яхши жамадонга эга бўлиши лозим. Айниқса айрим аэропорт, такси ва меҳмонхона ходимларининг юкларга эътиборсизлик билан зиён етказиб қўйишини ҳисобга олсак, бу ўринли тавсиядир.

2. Оёқ кийимлар

Одатда кўпчилик совуқ иқлимдан иссиқ табиат сари ёки аксинча ҳаракатланади. Бундан ташқари, сайёҳлар нотаниш шаҳарда пиёда сайр қилишни, кўчаларни кезиб юришни ёқтиради. Ушбу ҳолатда оёқ кийими, пайпоқларни саёҳатингизга мос келадиганини танлаб олинг. Шунингдек, енгил шиппак ҳам зарур бўлади. Тажрибали сайёҳлар доимий фойдаланишда бўлган оёқ кийимни дам олишга олиб кетишни тавсия этади, негаки янгиси илк дамларда бироз «қайсарлик» қилиши мумкин.

3. Шахсий хафсизлик

Сизга нотаниш майдон ва кўчада йўқолиб қолмаслик учун диққатга сазовор бино ва манзарани эслаб қолинг. Сумкангизга албатта маҳаллий ҳудуд харитасини солиб қўйинг. Ташриф буюришингиздан аввал бу жойнинг қонунчилигида назарда тутилган тақиқлар ва аҳоли ҳақида умумий маълумотга эга бўлинг.

4. Янги тажриба ва истак

Ҳар қандай мамлакатда сайёҳлар учун яратилган инфратузилма ва шароитларга дуч келишингиз мумкин ва буларнинг барчаси одатдагидан кўра қимматга тушади. Овқатланиш ва ётоқ жойларни танлаганда гигиеник қоидаларга риоя қилинг, шунга қарамай арзон нархда таклиф этилаётган масканларга, аҳоли гавжум жойга борганингиз маъқул. Шунинг билан янги тажриба қилиш мумкин бўлган дастур учун катта сарф харажат қилиш имкониятига эга бўласиз.

5. Дори-дармон

Сиз яшаб турган жойингиздан чиққанингиз заҳоти соғлиғингиз учун зарур бўлган дори воситаларини топа олмай қолишингиз ёки унинг нархи қиммат бўлиши мумкин. Шунинг учун булардан етарли миқдорда ғамлаб олинг.

6. Уяли алоқа

Ҳар қандай мамлакатда янги сим-карта сотиб олиш 10 АҚШ долларидан қиммат нархланмайди. Маҳаллий сим-картани сотиб олгач, 1 ГБ интернет пакетини харид қилишингиз жуда кўп вазиятда сизга асқотади ва яқинларингиз билан доимий алоқада бўлиб туришингизни таъминлайди.

7. Сув

Ҳеч қачон сув ичмаслик ҳисобидан пулни иқтисод қилишни ўйламанг. Сайр ва ҳаракатда бўлишлик организмда чанқаш ҳолатини келтириб чиқаришини ҳисобга олсак, бир баклажка газланмаган сув олиб юринг. Маҳаллий турли яхна ва газланган ичимликлар ошқозон фаолиятини ишдан чиқариши мумкин. Яхшиси оддий газсиз сувни танланг.

Top