20:00 / 21.08.2017
11309

Сурия армияси Ҳалабни ИШИДдан буткул озод қилди

Фото: Илья Питалев / МИА "Россия сегодня"

Суриянинг Ҳалаб провинцияси террорчилардан буткул халос бўлди, дея маълум қилди брифингда Бош штабнинг оператив бошқармаси бошлиғи Сергей Рудской. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар берди. 

"Сўнгги ойда Сурия Араб Республикасида катта ўзгаришлар рўй берди. Ҳукумат қўшини Россия ҲКК қўллаб-қувватлаши остида жиддий муваффақиятларга эришди ва Суриянинг марказий қисмида ИШИДга жиддий зарба берди. Ҳалаб провинцияси террорчилардан тўлиқ озод қилинди", - деди у. 

Рудскойнинг таъкидлашича, жангарилардан жами 50 аҳоли пункти ва Сурия ҳудудининг 2,7 минг квадрат километри озод қилинган. 

Унинг сўзларига кўра, Акербат туманида жангариларнинг йирик гуруҳини ўраб олишга муваффақ бўлинган, тез орада шаҳар озод қилинади. Шунингдек Сурия ҳарбийлари стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган Ас-Сухна аҳоли пунктини ҳам қўлга киритишган ва Дайр Аз-Зорга тўхтовсиз ҳужум қилишмоқда. Бу шаҳар атрофидаги ҳудудлар - мамлакатдаги террорчиларнинг сўнгги таянчи. 

"Уларнинг қолган кучлари айнан шу ерга келмоқда. Бизнинг маълумотларимизга кўра, мўсуллик жангарилар ва ИШИДнинг Раққадаги жанговор отрядларининг катта қисми шу ерга келган. Шунга қарамай, мана уч ойдирки, улар АҚШ ва "Сурия демократик кучлари"нинг иттифоқдошлари томонидан қўллаб-қувватланаётган отрядларга эгалик қилишнинг уддасидан чиқишмаяпти. 

У Дайр Аз-Зорни блокдан чиқариш билан ИШИД террорчиларининг асосий кучларини  йўқ қилиш ишлари якунланишини таъкидлади. 

Генералнинг сўзларига кўра, Россия ҲКК август ойида 990 жанговор парвозларни амалга оширган. ИШИД пунктлари, позициялари ва лагерларига қарата 2518 ҳаво зарбаси берилган. 40 зирҳли техника, 106 катта калибрли пулемётга эга автомобиль ва 800 жангари йўқ қилинган. 

Top