15:22 / 21.08.2017
10409

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида биринчи марта Ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланди

Қозоғистон Республикаси (ҚР) мудофаа вазири генерал-полковник Сакен Жасузаков расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. ҚР мудофаа вазири Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-полковник Қобул Бердиев билан учрашди. Бу ҳақида Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг сайтида хабар берилди. 

Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек мудофаа соҳасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди. 

Икки томонлама учрашув якунлари бўйича томонлар Ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолашди, у ҳарбийларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговор тайёргарлиги ҳамда ҳарбий таълим соҳасига доир чора-тадбирларни ўз ичига олган. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий идораларининг икки томонлама муносабатлар тарихида биринчи марта шундай ҳужжат имзоланиши. 

Ташриф доирасида ҚР мудофаа вазири Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган. Президент икки томоннинг қуролли кучлари ўртасидаги ҳамкорликдан мамнуниятини изҳор этиб, минтақадаги хавфсизлик йўлида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган. 

Ўз навбатида, С.Жасузаков Ўзбекистон Президентига қабул учун миннатдорчилик билдириб, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг энг яхши тилакларини етказган. Мудофаа вазири бундан кейин ҳам ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этган. 

Қозоғистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ҲКнинг Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмларидан бирига ташриф ташкиллаштирилган. 

Икки кунлик ташриф якунида Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаков Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Самарқанд шаҳридаги қабрини зиёрат қилди. 

Top