21:03 / 22.08.2017
6182

АҚШда ноёб автомобиллар ижараси пайдо бўлди

Фото: motor.ru

Классик автомобилларни суғурта қилиш билан шуғулланувчи Hagerty компанияси АҚШда DriveShare хизматини ишга туширди. У ноёб машиналар эгаларига автомобилларини ижарага бериш имконини беради. Бунда “орзу” автомобилида сайр қилишни истовчилар махсус суғурта оладилар.

Ижарачи сифатида порталда қайд қилинувчилар 500 доллар миқдорида депозит киритишлари керак бўлади. Бундан кейин Hagerty уларга исталган машинага миллион долларгача бўлган суммага суғуртани таъминлайди.

Бирор қизиқтирувчи машинани излаш ҳам интерфаол харита орқали (уни яқин орада топиш учун), ҳам турли кўрсаткичлар бўйича амалга оширилиши мумкин. Автомобиллар эгалари ижара ҳақини ўзлари белгилайдилар. Бунда ижара тўлови ичига йўлларда ёрдам хизматидан фойдаланиш имкони киритилади.  

Ушбу хабар берилган вақтда DriveShare сайтида АҚШнинг турли қисмларида 134 автомобиль таклиф этилаётганди. Улар орасида суперкарлар, масл-карлар, олдтаймерлар ҳамда кабриолет ва “қувватланган” моделлар мавжуд.

Мисол учун, порталда Калифорнияда Lamborghini Aventador машинасини ижарага бериш таклиф этилади. Унинг бир кунлик ижараси нархи 3300 долларни ташкил қилади. Шу вақтнинг ўзида Атлантада кунига минг долларга 1971 йилнинг Chevrolet Corvette кабриолетини олиш мумкин. Техаснинг Плейн шаҳрида эса 179 долларга 1931 йилнинг Ford Model A машинасини ижарага олиш мумкин. Бу ижарага берувчи ўзининг 86 йиллик “Форд”ини эркин бошқаришга бермоқда, яъни ижарачи уни мустақил бошқариши мумкин. Жуда эски автомобиллардан баъзиларини эса тадбирларгагина буюртма қилиш мумкин, бунда машинани унинг эгаси бошқаради. 

Top