20:27 / 22.08.2017
7109

Ҳиндистонда талоқ қилиш орқали ажрашиш тақиқланди

Ҳиндистон олий судининг кўпчилик аъзолари мамлакатда ҳанузгача мавжуд бўлган талоқ қилишни тақиқлашга овоз бердилар.  

Суд томондан ушбу масала бўйича иш кўриб чиқилишига замонавий алоқа воситалари ёрдамида ажрашишлар сони кўпайгани ҳамда талоқ қилишнинг қурбони бўлган 5 аёл ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг шикоятлари сабаб бўлган. Иш шунгача етиб борганки, кўп эркаклар ўз рафиқаларига талоқ қилишлари ҳақида смс-хабар юборишган ёки Whats App ёки Skype мессенжерлари орқали бу ҳақда ёзишган. 

Суднинг 5 аъзосидан 3 нафари “талоқ” сўзини қўллаган ҳолда ажрашишни констутиция ва ислом меъёрларига зид деб аташган. Уларнинг фикрича, эркаклар фақатгина инжиқлик ёки аҳмоқлик қилиб ажраша олмайдилар.

“Биз бахтиёрмиз. Мусулмон аёллар бу учун кўп йиллар курашишган”, деб суднинг қарорига изоҳ берган ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Хасина Хон.

Ҳиндистон бош вазири  Нарендра Моди эса ушбу қарорни тарихий деб атаган.

“Ушбу қарор мусулмон аёлларга тенг ҳуқуқлик беради ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришларига кучли омил бўлади”, деб айтган Моди. 

Маълум қилинишича, кўплаб мусулмон давлатларда, жумладан Ҳиндистон билан қўшни бўлган Покистон ва Бангладешда талоқ қилиш йўли билан ажрашиш ҳозирда тақиқланган.

Top