10:50 / 22.08.2017
4995

Комилов Ҳиндистон ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди

Фото: mfa.uz

2017 йилнинг 21 август куни Деҳли шаҳрида бўлиб турган ҳукумат делегациясига бошчилик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар давлат вазири Мубашир Жавед Акбар билан учрашди

Учрашувда Ўзбекистон-Ҳиндистон мулоқотининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари Кенгашининг июнь ойида бўлиб ўтган мажлиси доирасидаги олий даражадаги икки томонлама учрашув давлатлараро муносабатларга ижобий динамика, янгича ўсиш суръатлари ва оҳанг берганлиги эътироф этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан 22 август куни икки давлат етакчи компания ва фирмалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган бизнес-форум иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун реал имкониятни яратиб беради.

Учрашувда БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистоннинг таҳлилий марказлари вакиллари билан учрашгани хабар берилганди.

Top