19:40 / 22.08.2017
64935

Тиббиётдаги энг хавфли 10 жараён

Тиғ остига ётиш ёки бирор бир дори воситасини қабул қилишдан аввал унинг зарур эканига ишонч ҳосил қилинг. "Ортодокс" тиббий портали тиббиётдаги хавфли жараёнларга оид маълумотлар билан бўлишди.

Компьютер томографияси

Шифокор сизга компьютер томографияси (КТ) кераклигини айтса, бунга рози бўлишга шошилманг. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, сўнгги вақтларда тез-тез тавсия қилинаётган компьютер томографияси айрим турдаги саратон касалликларининг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Ушбу тиббий жараёнда инсон оддий рентгенографиядаги нурланиш дозасидан 200 баробар кўп нурланар экан. Аксарият мутахассислар компьютер томографиясига берилган йўлланмаларнинг 10-30 фоизи нотўғри белгиланган, деб ҳисоблашади.

КТ - нисбатан тезкор ва арзон усул бўлса-да, магнит-резонанс томографияси унга қараганда хавфсизроқ. Ташхис қўйиш усулини танлаш унинг самарадорлигига боғлиқ. Шифокор имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлиши керак. Бироқ бунинг учун беморларни бўлар-бўлмасга нурлантириш шарт эмас.

Елка соҳасидаги операциялар ва стероидларнинг эпидурал инъекциялари

Уларни баъзан умуртқа поғонаси атрофидаги оғриқларда белгилашади. Бироқ уколдан кейин юзага келадиган салбий асоратлар, масалан, фалаж ёки неврологик муаммолар бу жараён ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлишни талаб қилади.

Бундан ташқари, мутахассислар эпидурал инъекциялар бўйин ва елка соҳасидаги сурункали касалликларда яхши самара бермаслигидан огоҳлантиришмоқда. Оғриқлар асаб толаларининг яллиғланиши - ишиас натижасида юзага келгандагина инъекция яллиғланиш ва оғриқларни камайтириши мумкин, шунда ҳам вақтинчалик. Қатор ҳолатларда физиотерапия анча кўпроқ самара бериши мумкин.

Малакали шифокорлар бундай касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашга шошилишмайди. Операция зарур бўлганда ҳам, шифокорлар кўпинча оддий амалиётлар ўрнига ўзини оқламайдиган мураккаб жараёнларни ўтказишади. Шундай экан, операцияга рози бўлишдан аввал бир неча тажрибали мутахассис фикрини билинг.

Антибиотиклар

Шамоллашда биринчи навбатда антиботик қабул қила бошлаймиз ва бу жиддий хато. Антибиотиклар тавсия этиладиган беморларнинг аксариятига уларнинг мутлақо кераги йўқ.

Гап шундаки,  нафас йўллари инфекцияларининг катта қисми - 95 фоизи - вируслар натижасида юзага келади. Антибиотиклар эса фақат бактерияларга таъсир қилувчи хусусиятга эга, вируслар билан курашда эса бефойда.

Бундай ҳолатлар жиддий салбий асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Антибиотикларни ҳаддан ташқари кўп қўллаш уларга чидамли бактерияларнинг кўпайишига олиб келади. Натижада эса беморларга зарур пайтда ёрдам бериши мумкин бўлган дорилар камаяди.

Кўкракни қайта тиклаш

Мастэктомиядан кейин кўкракни қайта тиклаш аёлларнинг нормал ҳаётга қайтиши учун ажойиб имконият, албатта. Бироқ аксарият беморлар бу тиббий жараённинг нақадар жиддий эканини англаб етишмайди. 

Кўкрак жарроҳлик йўли билан олиб ташлангандан кейин уни қайта тикловчи пластик операция энг қийин пластик операциялардан бири ҳисобланади. Кўкрак саратони мағлуб қилингандан сўнг организмнинг қайта тикланиши учун муайян вақт керак бўлади. Шунинг учун жарроҳлик амалиётидан кейин пластик операцияга ёзилишга шошилманг. Бу организм учун юқори даражали хавф уйғотади.

Мутахассислар кўкракни қайта тикловчи операцияни ё мастэктомия билан бир вақтда, ёки операциядан бир йилдан кам бўлмаган вақт ўтгандан сўнг амалга оширишни тавсия қилишади.

Амниоцентз

Бу жараён барча ҳомиладор аёлларга белгиланмаса-да, баъзи ҳолатларда, қон ёки УТТ таҳлиллари хавотир уйғотганда тавсия қилинади. Бу текширув болада хавфли дефектлар ва касалликларнинг бор ёки йўқлигини аниқлайди.

Ташхиснинг бундай усули ҳомила генлари ва хромосомалари ҳақида 100 фоиз маълумот беради. Амниоцентез ҳомила атрофидаги сувларнинг лабараторияда текшириш мақсадида амниотик соҳа пункциясини ўтказишдан иборат.

Бу тиббий жараёнда ҳомила тушиши хавфи ошади - 1X400. Ҳатто шифокор тавсия қилган ҳолатда ҳам, бўлғуси она бу жараёндан воз кечиши мумкин.

Кесерча кесиш

Кесерча кесиш керагидан кўп ҳолатларда ўтказилиши сир эмас. Аслини олганда, бу инфекциялар, қон кетиши ва ҳатто ўлим каби қатор асоратларга олиб келиши мумкин бўлган жиддий операция ҳисобланади. Америка акушер ва гинекологлари коллежи (ACOG)нинг яқинда тақдим этилган тавсиялари бу тиббий жараённи чеклашга йўналтирилган.

Кесерча кесишнинг амалга оширилишига кўпинча боланинг вазни сабаб бўлади. Бироқ вазнга оид тахминлар ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Агар бола она қорнида нотўғри жойлашган бўлса, уни тўғри ҳолатга келтириш учун махсус хатти-ҳаракатларни қўллаш тавсия этилади. Бунинг ҳам хавфли томони бор, албатта, лекин кесерча кесиш хавфи даражасида эмас.

Агар фарзандингизни биринчи марта кесерча кесиш орқали дунёга келтирган бўлсангиз, кейингиларида ҳам шу усулни қўллашга мажбур бўлишингиз ҳақидаги гапларга ишонманг, бундай эмас.

Қалқонсимон без текширувлари ва операциялар

Айрим шифокорлар мунтазам равишда қалқонсимон без саратонига текширувдан ўтишга чақиришади - бу баҳсли мавзу. Гап шундаки, текширув жараёнида кўп беморларнинг қалқонсимон без соҳасида тугунлар борлиги аниқланади. Бироқ бу тугунчалар камдан-кам ҳолатларда хавфли ҳисобланади, улар деярли ҳеч қачон катталашмайди ва ортиқча безовта ҳам қилмайди.

Шундай бўлса-да, УТТ текширувларида шундай тугунчалар аниқланса, унинг кетидан биопсия ва, эҳтимол, қалқонсимон без олиб ташланувчи операция ўтказилиши мумкин. Бундан кейин эса умр бўйи гормонал  препаратлар қабул қилишингизга тўғри келади. Буларнинг бари саломаликка ҳеч қандай таъсир кўрсатмайдиган хавфсиз ўсимталар туфайлидир.

Простатадаги хавфсиз ўсимта операцияси

Шифокорлар орасида муҳокамага сабаб бўлувчи яна бир мавзу - доимий тарзда простата саратонига текширув ўтказиш. Простата ўсимталарининг аксарияти одатда хавфсиз бўлиб, жарроҳлик аралашуви ё оғриқли биопсияни талаб қилмайди.

Баъзи шифокорларнинг фикрича, муаммо - онкологиянинг ҳаддан ташқари тижорийлашиб кетганида. Беморларда бирор ўзгариш аниқланса, уларга агрессив ва қимматбаҳо даволаниш усуллари тавсия этилади, аслида эса бусиз ҳам уддаласа бўлади.

Мутахассисларнинг аксарияти простата текширувларини 50 ёшдан кейин ўтказиш кераклигини таъкидлайди. Фақат авлодида шу касаллик кузатилган эркакларгина бундай текширувларни эртароқ ўтказишлари мумкин.

Бундай ҳолатларда амалга ошириладиган жарроҳлиқ операцияси пешобни ушлаб тура олмаслик ва жисмоний дисфункция каби салбий асоратларни келтириб чиқариши мумкинлигини унутманг.

Гистерэктомия

Аввал бачадон миомаси билан курашишнинг ягона йўли -гистерэктомия, яъни бачадонни олиб ташлаш ҳисобланган. Албатта, "бачадон йўқ бўлса, муаммо ҳам йўқ бўлади" тамойилига амал қилиш мумкин. Шундай бўлса-да, бугунги кунда миомани даволашнинг нисбатан хавфсиз усуллари ҳам бор.

Улардан бири - бачадон артериялари эмболизацияси. Бу жараён ўсимтага қон келиб тушишини блоклайди ва унинг ҳужайралари бузилишига олиб келади.

Нидерландияда ўтказилган тадқиқот миомага йўлиққан беморларнинг учдан икки қисми эмболизация ёрдамида гистерэктомияни четлаб ўтиши мумкинлигини кўрсатди. Бунда кўп нарса ўсимтанинг ҳажми ва унинг локализациясига боғлиқ. Баъзи ҳолатларда бачадонни олиб ташлашга тўғри келади.

Агар бачадон билан бирга тухумдонлар ҳам олиб ташланса, юрак ва суякларга салбий таъсирнинг олдини олиш учун табиий менопаузага қадар гормонал препаратлар қабул қилиш тавсия этилади.

Менопаузадан кейин гормон ўрнини босувчи дори воситаларини қабул қилиш

Гормонлар ўрнини босувчи даволаш жараёнлари менопауза билан боғлиқ салбий асоратларнинг олдини олиш учун ўтказилади. Шунингдек эстрогеннинг юрак ва суякларга фойдаси ҳақида ҳам гапирилади.

Бироқ энг янги тадқиқотларнинг кўрсатишича, бундай терапия юрак-қон томир тизимига ижобий эмас, аксинча, салбий таъсир ўтказар экан.

Гормонларнинг ноўрин қабул қилиниши шунингдек инсульт ва саратоннинг айрим турлари хавфини ошириши мумкин. Таркибида гормон бўлган кремларнинг қўлланиши ва ҳатто антидепрессантларни қабул қилиш менопаузада нисбатан хавфсиз терапия ҳисобланади.

Top