10:36 / 24.08.2017
21207

Улуғбек Иноятов: Болаларни боғчаларга 3 ёшдан қабул қилиш халқаро тажриба

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон қарорига мувофиқ, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ёшига ўзгартириш киритилиб, 3 ёшдан бошлаб қабул қилиниши белгиланди. Бунгача болалар 2 ёшдан 6 ёшгача қабул қилинишлари мумкин эди. Шунга кўра, аёл фарзандини дунёга келтирганидан сўнг, 2 йил мобайнида ҳақ тўланадиган таътилга чиқиши, кейин фарзандини мактабгача таълим муассасасига бериб, ўзи ишлаши мумкин эди. Эндиликда, бу ёш чегараси бир йилга кўтарилмоқда. 

ХПКнинг Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида вазир Улуғбек Иноятов бу масалага ойдинлик киритди. 

"Биз ҳаммамиз давлат барча шарт-шароитларни барпо қилиб беришига, таъминотларни ўз зиммасига олишига ўрганиб қолганмиз. Биз бозор шароитларида яшаяпмиз. Мен ўйлайманки, оила фарзандли бўлишидан аввал, уни боқиш, тарбия қилишга ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Болаларни 3 ёшдан мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш халқаро тажрибага асосланмоқда. Барча ривожланган мамлакатларда болалар боғчаларга 3 ёшдан қабул қилинади", — деди Халқ таълими вазири.
 
Унинг айтишича, "3 ёшгача болалар кўп касал бўлишади, жамоат жойларига кўникиб кетиши қийин кечади. Бу ёшда бола ота-онаси ёрдамида уйида таълим тарбия олса яхшироқ ижобий натижа беради. Тўғри тушунинг, 2 ёшли бола учун боғчага бориш жуда эрта. Бундан ташқари, болалар боғчаларининг вазифаси ёш гўдакларга қараш эмас, балки уларни тарбиялаш, таълим бериш. Шунинг учун биз бошқа давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиб, болаларни 3 ёшдан қабул қилишга қарор қилдик. Яъни, боғчага борадиган бола ўзига-ўзи хизмат қила оладиган бўлиши керак. 2 ёшли бола мустақил ҳожатхонага боролмайди, юз-қўлини юва олмайди, овқатлана олмайди", — деб таъкидлади Улуғбек Иноятов.

Top