16:08 / 25.08.2017
4553

БМТ: Жанубий Осиёдаги табиий офатларда 10 миллионлаб киши жабрланди

Бангладеш, Ҳиндистон ва Непалда содир бўлган кўчкилар ва сув тошқинларидан у ёки бу кўринишда 41 миллион инсон жабр кўрди. Камида 900 киши ҳаётдан кўз юмган. 

БМТ гуманитар масалаларини мувофиқлаштириш бошқармаси берган хабарига кўра, 10 минглаб бинолар, шу жумладан мактаблар ва шифохоналар вайрон бўлган. Экспертлар ва синоптиклар сурункали ёмғирларнинг давом этиши сабабли вазият ёмонлашишидан хавотир олишмоқда. 

«Вазият янада ёмонлашиш эҳтимоли мавжуд. Чунки, айрим туманларда ёмғирлар давом этмоқда, дарё сувлари эса жанубга силжимоқда», - дейилади Бошқарма ахборотномасида. Жабрланганларга ушбу мамлакатлар ҳукуматлари БМТ, Қизил Хоч, хусусий ташкилотлар ва ҳарбийлар кўмагида ёрдам бермоқда. 

Бироқ, бу ишларни амалга ошириш осон кечмаяпти. Йўллар, кўприклар, темир йўллар ва аэропортларга ҳам зарар етгани инсонпарварлик ёрдамларининг вақтида кўрсатилишига тўсқинлик қилаяпти.

БМТ гуманитар тузилмалари Непал ҳукумати ва бошқа ҳомий ташкилотлар билан бирга табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларга тоза ичимлик сувлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб бермоқда. 

Бангладешда эса халқаро ҳамжамият кўмагида зудлик билан 2 мингга яқин шифокорлар гуруҳлари ташкил этилди. Бу мамлакат ҳудудининг 1/3 қисми сув остида қолган. Қутқарувчилар ва гуманитар ташкилотлар ходимлари у ерларда юқумли касалликлар авж олишидан хавотирланишмоқда. 

Ҳиндистонда ҳам қутқарув ишлари давом эттирилаяпти. Кўплаб жабрланганлар вертолётларда қутқарилмоқда. 

Top