21:13 / 26.08.2017
13043

Қирғизистоннинг Жалолободида эр рафиқасини ўлдириб, сўнгра ўз жонига қасд қилди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Бешик-Жон қишлоғида оилавий фожиа юз берди. Қишлоқ аҳли ҳамқишлоқларидан бирининг дорга осилган жасадини аниқлаб, милиция чақиртирган. 
     
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, воқеа 25 август куни юз берган. Шу куни соат 7:00ларда Бозор-Қўрғон тумани ички ишлар бошқармасига Бешик-Жонда эркак жасади топилгани ҳақидаги хабар тушган. Эркак ўз уйи омборида дорга осилган ҳолда топилган.

Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан. Уй кўздан кечирилганда у ерда эркак рафиқасининг зўравонлик аломатлари билан ўлган жасади аниқланган. Тергов томондан зарурий суд-тиббий ва бошқа экспертизалар белгиланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, эркак жанжал вақтида рафиқасига пичоқ билан зарба берган. Аёл олинган жароҳатдан воқеа жойида жон берган. Эркак жаҳл устида нима қилиб қўйганини англагач, ўзини осиб қўйган. 

Эркак ҳамқишлоқларининг айтишича, эр-хотин 10 йилга яқин бирга яшашган. Эркак ҳеч қаерда ишламаган. Унинг 26 ёшли рафиқаси эса 26 августда Россияга ишлагани кетиши керак бўлган.

Тергов тахминига кўра, қотиллик эр-хотин ўртасидаги жанжал ва ўзаро ёмон муносабатлар оқибатида содир этилган. Марҳумлар қариндошларининг айтишича, эр-хотин орасида авваллари ҳам жанжаллар бўлиб турган.

Ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда. Энг аянчлиси, марҳумларнинг икки норасида фарзанди етим бўлиб қолди.

Top