08:44 / 26.08.2017
23166

Шимолий Корея Япония томонга бир нечта ракета учирди

Фото: Reuters

Шимолий Корея Япония томонга кичик масофаларга мўлжалланган бир нечта ракета учирди. Бунгача Шимолий Корея қоидага кўра, узоқ масофаларга мўлжалланган баллистик ракеталардан бир донадан учирган.

Ракеталар Япон денгизига тушган. Бу ҳақда Жанубий Корея штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитасига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ва Yonhap ахборот агентликлари хабар берди.

Қўмита маълумотларига кўра, ракеталар денгизга тушиши олдидан шимоли-шарқий йўналишда 250 км масофа учиб ўтган.

Бундан аввал фақат битта ракета учирилгани маълум қилинган.

Пентагоннинг маълум қилишича, Шимолий Корея Гавайи вақти билан соат 12:07да (Тошкент вақти билан соат 03:07да) учта баллистик ракета учирган. Улардан биттаси деярли учирилиши билан портлаб кетган, қолган иккитаси эса кўринишича парвоз вақтида яроқсиз ҳолга келган.

Ракеталар на Японияга, на АҚШнинг Гуам оролига хавф солган.

Ракеталар АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги ўзаро таҳдидлардан кейин биринчи марта отилди. Шимолий Корея охирги марта 28 июлда баллистик ракета учирганди. Ўшанда “Хвасон-14” ракетаси учирилган. АҚШнинг баҳолашича, бу ракета Аляскагача етиб бора олади. Ракета 3,7 минг км баландликка кўтарилиб, 1000 км га яқин учиб ўтган. Ундан аввал, 4 июлда ҳам ракета учирилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши шу иккита ракета учирилиши туфайли Шимолий Кореяга санкциялар киритган. Санкцияларга кўра, Шимолий Кореядан кўмир, темир, руда ва денгиз маҳсулотлари импорти, БМТ давлатларига эса Шимолий Корея билан янги қўшма корхоналар тузиш тақиқланган.

Top